Ўзбекистонда АИ-80 бензинининг бошланғич нархи 70 фоиз кўтарилди. Биржадаги 84 фоиз бензин Бухородан чиқади
Бензин биржа савдолари давомида ўзининг деярли бошланғич баҳосида сотилган

Ўзбекистонда 2021 йил бошидан буён республика товар-хом ашё биржасининг автомобиль бензини сегментида нархларни ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг бошидан буён АИ-80 маркали бензинининг ўртача ҳафталик котировкаси маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 миллион 700,2 минг сўмдан 9 миллион 302,8 минг сўмгача, яъни 63,2 фоизга ўсган. Биржа савдоларига қўйилаётган мазкур маркали бензиннинг аксарият қисми, яъни 84 фоизи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳиссасига тўғри келади.

Кўриб чиқилаётган даврда мазкур маркали бензиннинг бошланғич баҳоси ўртача 70 фоизга ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 миллион 5 минг сўмни ташкил қилган. Ўтказилган очиқ биржа савдолари натижасида АИ-80 маркали бензинининг бошланғич ва биржа нархлари ўртасида тафовут ўртача 1 фоиздан ошмаган. Яъни бензин биржа савдолари давомида ўзининг деярли бошланғич баҳосида сотилган.
«Ўз навбатида, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси савдо ташкилотчиси (оператори) сифатида бензин бозорида шаклланаётган ҳолатни мунтазам равишда ўрганиб бормоқда. Биржа томонидан ўтказилган таҳлиллар натижаси ва бензин бозорида нархларни барқарорлаштириш бўйича таклифлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа тегишли вазирлик ва идораларга киритиб борилмоқда», дейилади хабарда.
Хабарда ёзилишича, нархларнинг кўтарилиши жаҳон биржаларида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, Brent маркали нефтнинг жаҳон бозорлардаги нархи 2021 йилнинг бошига нисбатан ўртача 60–70 фоизга ўсгани қайд этилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда бензин импорти 137 миллион литрга ошгани ҳақида хабар берилганди.






