
Ўзбекистонда 40 ёшгача бўлган раҳбарларнинг TOP-40 рейтинги эълон қилинди
Рейтингни шакллантириш икки босқичда амалга оширилган.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Ўзбекистонда 40 ёшгача бўлган раҳбарларнинг йиллик топ-40 рейтинги шакллантирилди.
Маълум қилинишича, сўнгги бир неча йил мобайнида Ўзбекистоннинг вазирлик ва идораларида масъулиятли лавозимларга кўплаб ёш раҳбарлар тайинланган. Уларнинг аксарияти хорижда таълим олган, амалий иш тажрибасига эга ва ўзини намоён этишга муваффақ бўлган.

Вазирликлар раҳбарияти таркиби тубдан янгиланган. Бугунги кунда 24 нафар вазирдан 10 нафари (42 фоизи) — 40 ёшдан 45 ёшгача, 4 нафари (17 фоизи) — 46 ёшдан 50 ёшгача, уч нафари (12 фоизи) — 51 ёшдан 55 ёшгача бўлган кадрларни ташкил қилади.
Қайд этилишича, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда 2019 йилдан буён ва 2020 йилда Ўзбекистоннинг 40 ёшгача бўлган истиқболли ёш раҳбар кадрлари рейтингини эълон қилиб келмоқда. 2022 йилги якуний рейтингни шакллантириш икки босқичда амалга оширилган.
Биринчи босқичда фуқаролик жамияти, таҳлил марказлари ва ОАВ вакилларидан иборат экспертлар ёш раҳбарларнинг ўз соҳаларида стратегик мақсад ва натижаларга эришганлик бўйича фаолиятини баҳолаган. Бунда номзодларнинг маълумоти, раҳбар сифатида жамоатчилик орасида танилганлиги, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги, ислоҳотлар жараёнидаги иштироки ва таъсир даражаси ҳамда шахсий ва касбий ютуқлари инобатга олинган.
Иккинчи босқичда турли соҳа экспертларининг овози тўпланган. Якуний босқичга ўтган 60 нафардан зиёд номзодлар орасидан энг кўп овоз олган 40 ёшгача бўлган энг яхши 40 нафар раҳбар танлаб олинган.
Қайд этилишича, экспертлар овоз бериш жараёнида дастлабки рўйхатда бўлмаган бошқа номзодларни ҳам таклиф этган. Уларнинг айримлари якуний рўйхатга киритилган.
Фуқаролик жамияти институтлари вакиллари талқинига кўра энг яхши ёш раҳбар Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори Гаяне Умерова бўлган. Журналист ва блогерлар Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев фаолиятини юқори баҳолаган.
«Ақл марказлари» вакиллари эса истиқболли раҳбар сифатида IT-Park директори Фарҳод Иброҳимовни танлаган. Шунингдек, экспертлар янги тайинланган халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовга катта умид билдирган. Уларнинг фикрича, 2022 йилда таълим соҳасида туб ислоҳотлар бўлиши кутилмоқда.
Бу йилги рейтингга биринчи марта киритилган номзодлар:
- Абат Файзуллаев, Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси;
- Абатбай Данияров, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари;
- Бахтиёр Саидов, халқ таълими вазири;
- Бахтиёр Мустафоев, Марказий Осиё институти директори ўринбосари;
- Бобур Абдуллаев, Тошкент шаҳридаги Амити университети ректори;
- Дурдона Раҳимова, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари;
- Элбек Шукуров, Сергели тумани ҳокими;
- Ирода Тўлаганова, Теннис федерацияси бош котиби;
- Жамшид Эгамбердиев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари;
- Милана Хаитова, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бошқаруви аъзоси;
- Одилжон Тожиев, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари;
- Қурбон Турсунов, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари;
- Саидқаҳҳор Холхўжаев, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари;
- Умид Шодиев, Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги элчиси;
- Хушнуд Худойбердиев, ЎзА бош директорининг ўринбосари;
- Юсуф Абсоатов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари.
Бугунги рақамлаштириш даврида давлат хизматига ёш кадрларни жалб этиш масаласи долзарб вазифалардан бўлиб турибди. Бу, айниқса, аҳолисининг қарийб 18 миллион нафари ёшларни ташкил этадиган Ўзбекистон воқелигида аҳамиятлидир.
Келгуси ўн йил ичида меҳнатга лаёқатли аҳоли сони яна 12 фоизга ошиши кутилмоқда. Ёш кадрларни раҳбарлик лавозимларига илгари суриш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш турли соҳаларда инновацияларни жорий этишга, бошқарувда янгича ёндашишга ва замонавий усулларни қўллашга кенг имкон яратади.
Аввалроқ Ўзбекистондаги банкларнинг рейтинги эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.





