Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ер майдони ижара шартномасини қандай қилиб E-ijara орқали рўйхатдан ўтказиш бўйича маълумот берди.
Хабарга кўра, бунинг учун ижарага берувчи электрон рақамли калит (ЭРИ) ёрдамида ijara.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетига кириши лозим. Шундан сўнг асосий саҳифадан «Ерни ижарага бериш» банди танланади.
«Ижарага берилаётган очиқ ер майдони тўғрисида маълумот» бўлимидаги «Кўчмас мулк объекти» сатрида ижарага бериладиган ер майдони кўрсатилади.
«Ижарага берувчи тўғрисида маълумот» бўлимида маълумотлар автоматик равишда шаклланади. Зарурат бўлганда, «Фаолият кўрсатиш манзили» қаторини белгилаб, бошқа манзил кўрсатиш мумкин.
«Ижарага олувчи тўғрисида маълумот» бўлимида:
- ижарага олувчи — жисмоний шахс бўлса ЖШШИР кўрсатилади;
- ижарага олувчи — юридик шахс бўлса СТИР кўрсатилади.
Шундан сўнг, «Жўнатиш» тугмаси босилади.
Таъкидланишича, ижарага олувчи ҳам ЭРИ калитидан фойдаланиб тизимга кириши ва «Ижаралар рўйхати» бўлимида «Тасдиқланиши кутилаётган» шартномани тасдиқлаши керак.
Аввалроқ Ўзбекистонда талабалар билан тузилган ижара шартномаларини E-ijara тизимига киритиш мумкин бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда иккиламчи ижара шартномасини электрон ҳисобга қўйиш имконияти яратилгани ҳақида хабар берилди.


