Ўзбекистонда 9 апрелдан бошлаб жисмоний шахслар тўлов ҳужжатларига СТИР ўрнига ЖШШИРни киритади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мижозлар томонидан банкларга тақдим этиладиган тўлов ҳужжатларини расмийлаштиришга қўйиладиган талабларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилган.
Ушбу ўзгартиришлар 2022 йилнинг 9 апрелига қадар босқичма-босқич, ундан сўнг тўлиқ татбиқ этилиши режалаштирилган.
Мазкур ўзгартиришлар амалиётга жорий қилингандан кейин барча тўлов ҳужжатларида тўловчи — жисмоний шахсларнинг СТИРи (солиқ тўловчининг идентификация рақами) ўрнига, тўлов ҳужжатининг «тўловчининг идентификация рақами» деб номланган реквизитида уларнинг ЖШШИРи (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами) кўрсатилиши мажбурий ҳисобланади.
Шу муносабат билан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар (шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар) тўловни амалга ошириш мақсадида тўлов ҳужжатларини расмийлаштираётганда ўзларининг ЖШШИРлари тўғри ва тўлиқ киритишлари зарур.
Шунингдек, барча хўжалик юритувчи субъектлар ҳам тўлов талабномалари ва инкассо топшириқномаларини расмийлаштиришда контрагентлар — жисмоний шахсларнинг ЖШШИРлари тўғри киритилаётганига эътиборли бўлишлари сўралади.
Аввалроқ Ўзбекистонда OCTAGRAM тўлов ташкилоти фаолиятига рухсат берилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон туманларидаги ЯТТларга ижтимоий солиқ тўлашда имтиёз белгилангани ҳақида хабар берилди.


