Ўзбекистонда Ўзбекистонда айрим хорижий давлатлар фуқароларига кўчмас мулкларни сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилади. Президентнинг «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 1 майдан бошлаб рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган қуйидаги кўчмас мулк объектларини (бундан ер участкаси мустасно) сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилади.
Хусусан:
- Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида — қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 минг доллар эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 минг доллар эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;
- бошқа ҳудудларда — қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 минг доллар эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 минг доллар эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари.
Аввалроқ Ўзбекистонда кўчмас мулк сотиб олиш учун энг қулай давр маълум қилинганди.
Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан сўнг мутахассислар БАА, Туркия ва Ўзбекистон кўчмас мулк бозорига россиялик харидорлар оқимини башорат қилганди. Уларнинг фикрича, санкциялар фонида хорижда кўчмас мулк сотиб олмоқчи бўлган россияликлар учун асосий йўналишлар Дубай (БАА), Туркия ва Ўзбекистон бўлади.
Украинага ҳужум бошланганидан сўнг Беларуснинг айрим IT компаниялари ва мутахассислари ҳам Тошкентга кўчиб ўтишга қарор қилди.


