Санкциялар россияликларни Ўзбекистон, БАА ва Туркиядан уй-жой сотиб олишга ундайди — экспертлар
Дубай талаб бўйича чемпион бўлиши тахмин қилинди.

Мутахассислар БАА, Туркия ва Ўзбекистон кўчмас мулк бозорига россиялик харидорлар оқимини башорат қилмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Мутахассислар фикрича, санкциялар фонида хорижда кўчмас мулк сотиб олмоқчи бўлган россияликлар учун асосий йўналишлар Дубай (БАА), Туркия ва Ўзбекистон бўлади.
Хорижий кўчмас мулк экспертлар айтишича, чет элда мулк сотиб олмоқчи бўлган россияликлар янги бозорларга ўзларини қайта йўналтиришга мажбур бўлади. Бунга сабаб Украинадаги вазият туфайли Россияга нисбатан жорий қилинган халқаро санкциялар ҳамда бир қатор давлатлар ва Европа комиссиясининг россиялик инвесторлар учун «олтин паспортлар» олиш имкониятини чеклашга чақириқлардир.
Анъанага кўра, Буюк Британия, Испания, Кипр, Греция, Болгария ва Черногория россиялик харидорлар орасида энг катта талабга эга эди. Сўнгги пайтларда Туркия, Дубай ва Португалия бу йўналишларга қўшилди.
«Ҳозирда талаб Кипр, Туркия ва Дубай учун сақланиб турибди, қолган мамлакатларда эса вақтинчалик тўхтаб қолди», — деди Justreal.ru порталининг бошқарувчи ҳамкори Дмитрий Саватеев.
Just Real Prime Broker компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Екатерина Шиманскаянинг сўзларига кўра, ҳозирча ҳеч бир давлатда Россия инвестициялари эвазига фуқароликни олишга қизиққанларга тўлиқ тақиқ қайд этилмаган. Аммо резидентлик қоидаларига баъзи ўзгаришлар аллақачон киритилган.
Масалан, Португалия иммиграция хизмати Россия фуқаролари аризаларини кўриб чиқишни вақтинча музлатиб қўйди, Греция ҳам аризаларни қабул қилишни тўхтатди, Гренада эса Украинадаги вазият барқарорлашгунча шартларни қаттиқлаштирди.
Ўзбекистон тез орада россиялик сармоядорлар орасида машҳур давлатлар қаторига қўшилади, дея ҳисоблайди Nika Estate эгаси Виктор Садигов.
«Бу бизнесни ривожлантириш ва яшаш нуқтаи назаридан жуда манфаатли бозор. Баъзи инвесторлар аллақачон ўз капиталларини Тошкентдаги янги лойиҳаларга ўтказмоқда», — деди у.
Бироқ, Дубай талаб бўйича чемпион бўлиши барча экспертлар томонидан маъқулланди.
«Бозор ҳақиқий бумни бошдан кечирмоқда, фақат январь ойида Дубайда олди-сотди операциялари ҳажми 80 фоиздан кўпроққа ошди. Дирҳам курси валюта бозорида евро ва доллар билан чайқовчилик каби жиддий сакрашларга тобе эмас», — деди Шиманская.
Аввалроқ Ўзбекистонда кўчмас мулк сотиб олиш учун энг қулай давр хабар қилинганди. Шунингдек, Россиянинг SWIFT’дан узилиши Ўзбекистонга қандай таъсир қилиши ҳақида хабар берилди.






