Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

«Биз бирга яратган мерос». Абрамович «Челси» мухлисларига мурожаат қилди

Абрамович янги хўжайинларга «майдонда ҳам, майдондан ташқарида ҳам» муваффақиятлар тилади.

Роман Абрамович Англиянинг «Челси» футбол клубининг янги хўжайинларига омад тилади. Миллиардернинг баёноти клуб сайтида чоп этилган.

Унинг айтишича, бу клубга эгалик қилиш катта масъулият талаб қилади.

«‘Челси’га деярли йигирма йил аввал келганимдан бери бу клуб нимага эриша олишини ўзим кўрдим», — деди Абрамович.

Миллиардер, шунингдек, 3 ой олдин сотишга қарор қилганидан бери жамоа муносиб эга топиш учун астойдил ҳаракат қилганини айтди.

Абрамович янги хўжайинларга «майдонда ҳам, майдондан ташқарида ҳам» муваффақиятлар тилади, «ақл бовар қилмайдиган йиллар» учун собиқ ва ҳозирги футболчилар ҳамда мухлисларга миннатдорчилик билдирди.

«Бу клубнинг бир қисми бўлиш мен учун шараф эди», — дея якунлади Роман Абрамович.

Унинг қўшимча қилишича, клуб муваффақияти натижасида миллионлаб одамлар яратилаётган янги хайрия жамғармасидан баҳраманд бўлишади.

«Бу биз биргаликда яратган мерос», — деб таъкидлайди матбуот хизмати Абрамовичнинг сўзларини.

Америкалик миллиардер Тодд Боэли (Forbes Real-Time маълумотларига кўра, бойлиги 4,5 миллиард доллар) бошчилигидаги инвесторлар гуруҳи россиялик миллиардер Роман Абрамовичга тегишли бўлган Англиянинг «Челси» футбол клубини сотиб олиш бўйича келишувга эришган.

Битим ҳақида

Харидорлар клубдаги улушлар учун 2,5 миллиард фунт стерлинг (3,1 миллиард доллар) тўлайди. Бу пул кейинчалик хайрияга ўтказиш учун музлатилган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Яна 1,75 миллиард фунт стерлинг (2,17 миллиард доллар) билан янги хўжайинлар клуб ривожига сармоя киритади. Келишувдан сўнг битим май ойи охиригача ёпилиши мумкин. Клубнинг сотилишини Буюк Британия ҳукумати, Англия Премьер-лигаси эса янги хўжайин ва жамоа раҳбариятини маъқуллаши кутилаётганди.

Клубнинг сотилиши

Аввалроқ Буюк Британиянинг энг бой одамларидан бири Жим Рэтклифф Роман Абрамовичдан 5,3 миллиард долларга «Челси» футбол клубини сотиб олишни таклиф қилганди. Агар келишув амалга ошганида, бу спорт жамоасининг тарихдаги энг қиммат хариди бўлар эди.

Эслатиб ўтамиз, Абрамович Буюк Британия унга нисбатан санкциялар киритгач, «Челси»ни сотувга қўйишга мажбур бўлди. Миллиардер клубга қарийб 20 йил эгалик қилган.

Абрамович хайрия жамғармаси ташкил этишга ва жамоани сотишдан тушган соф даромадни унга йўналтиришга ваъда берди. Ҳозирда клубни жамоанинг хайрия жамғармаси васийлари бошқаради.

Аввалроқ Англия премьер-лигаси бошқаруви Лондоннинг «Челси» клубини сотишга розилик берди. Шунингдек, ҳукумат ҳам ушбу битимни тасдиқлади.