Роман Абрамович «Челси»ни қанчага сотиши маълум бўлди
Миллиардер клубни сотишга шошилмаяпти ва ўзига мос келмайдиган нарх таклифини аллақачон рад этган.

Россиялик миллиардер Роман Абрамович Англиянинг «Челси» футбол клубини 4 миллиард долларга сотишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Миллиардер Роман Абрамович «Челси» футбол клубини 3 миллиард фунт стерлингга (4 миллиард доллар) сотмоқчи. Таъкидланишича, Абрамович нарх бўйича муросага келмаслигига ишора сифатида «Челси» ўтган ҳафта инвесторларнинг 2,5 миллиард фунт стерлинг (3,3 миллиард доллар) миқдоридаги таклифини рад этган.
«Челси»нинг 2021 йилдаги нархи Forbes нашри томонидан 3,2 миллиард долларга баҳоланган — бу дунёдаги энг қиммат футбол клублари рўйхатида еттинчи ўриндир. Абрамович «Челси»ни 2003 йилда 140 миллион фунтга (тахминан 190 миллион доллар) сотиб олган эди.
Қайд этилишича, Абрамович клубни сотишга шошилмайди.
«Биз шошқалоқлик қилмоқчи эмасмиз. ‘Челси’да клубни олдинга олиб борадиган тўғри эгаси бўлиши жуда муҳим», — деди тадбиркор томонидан харидор топиш учун жалб қилинган Raine Group инвестиция банки ҳаммуассиси Жо Равич.
Манбаларга кўра, сотиш жараёни харидор аниқланиб, келишувга эришилгунга қадар бир ой давом этиши мумкин. Абрамовичнинг матбуот котиби бу бўйича изоҳ бермади.
Аввалроқ Абрамович «Челси» бошқарувини клубнинг хайрия жамғармасига ўтказгани хабар қилинганди. Шунингдек, Роман Абрамович Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда ёрдам кўрсатаётгани ҳақида хабар берилди.






