Абрамович «Челси» бошқарувини клубнинг хайрия жамғармасига ўтказди
Абрамович «ҳар доим клуб манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилгани»ни таъкидлади.

Миллиардер Роман Абрамович Англиянинг «Челси» футбол клуби бошқарувини жамоанинг хайрия жамғармаси васийларига топширишга қарор қилди. Баёнот клуб расмий сайтида чоп этилди.
«Мен ҳар доим клуб манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилганман ва бу қадриятларга содиқман. Шу боис бугун клуб раҳбарлиги ва ғамхўрлигини ‘Челси’ хайрия жамғармаси васийларига топширяпман. Ишонаманки, энди улар клуб, футболчилар, ходимлар ва мухлислар манфаатлари ҳақида қайғуради», — дейилади хабарда.
Аввалроқ спорт сармоядорлари ва инвестиция компаниялари, шу жумладан АҚШ компаниялари ҳозирда россиялик миллиардер Роман Абрамовичга тегишли бўлган «Челси» футбол клубини сотиб олиш бўйича потенциал таклифлар тайёрлашни бошлагани ҳақида хабар берилганди.
Маълумот учун, Абрамович қарийб 20 йилдан бери «Челси»га эгалик қилади. У клубни 2003 йилда тахминан 190 миллион долларга сотиб олган. 2021 йил Американинг Forbes журнали «Челси»нинг қийматини 3,2 миллиард долларга баҳолаб, клубни энг қиммат футбол жамоалари рўйхатида еттинчи ўринга қўйди.






