«Кафолат», «Семурғ суғурта», «Халқ суғурта» ва «Ишонч» суғурта компанияларининг фаолияти лицензия талаб ва шартлари бузилгани сабабли вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу тўрт компания фаолиятида «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонуннинг 32-моддасига асосан лицензия талаблари ва шартлари бузилиши аниқланган.
«Семурғ суғурта»нинг 25 февралдаги SF 00039-сонли, «Ишонч»нинг 2022 йил 25 февралдаги SF 00045-сонли, «Кафолат»нинг 2017 йил 11 декабрдаги SF 00222-сонли ҳамда «Халқ суғурта»нинг 2022 йил 25 февралдаги SF 00054-сонли лицензияларининг амал қилиш муддати 2022 йил 3 июнь санасидан бошлаб ўн кун муддатга тўхтатилди.
Ушбу давр мобайнида суғурталовчига янги суғурта (қайта суғурта) шартномаларини тузиш, шу жумладан амалдаги суғурта (қайта суғурта) шартномаларини узайтириш тақиқланади. Илгари тузилган суғурта (қайта суғурта) шартномалари бўйича эса ўз зиммасига олган мажбуриятларини белгиланган тартибда бажариши шарт.
Суғурта ташкилотлари томонидан улар фаолиятидаги қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари бартараф этилганини асословчи ҳужжатлар ушбу муддат ичида Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигига тақдим этилиши лозим.
Акс ҳолда, ушбу суғурта ташкилотларига нисбатан суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензияларининг амал қилишини қонунчиликда белгиланган тартибда ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиш чоралари кўрилади.
Аввалроқ талаб ва шартлар бузилиши аниқлангани сабабли «Агрос ҳаёт» ва «Фаровон суғурта» акциядорлик жамиятларининг лицензиялари амал қилиш муддати 23 майдан бошлаб 10 кунга тўхтатилганди.
Эслатиб ўтамиз, «Кафолат суғурта компанияси» акциядорлик жамиятининг 69,29 фоиз давлат улуши Genesis innovation МЧЖга 72 миллиард сўмга сотилган.


