Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

АҚШда инфляция сўнгги 41 йилдаги энг юқори даражага етди

Федерал захира тизмининг июнь ойидаги прогнозига кўра, 2022 йил охирига келиб ставка 3,25-3,5 фоизгача кўтарилиши мумкин.

АҚШда июнь ойида истеъмол нархлари индекси 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 9,1 фоизга ўсди, бу 1981 йил охиридан бери кузатилмаган рекорд кўрсаткичдир. Бу ҳақда АҚШ Меҳнат вазирлиги маълумотларига таяниб, Bloomberg нашри хабар берди.

Қайд этилишича, ўсиш бензин, уй-жой ва озиқ-овқат нархларининг ошишини ўзида акс эттиради. Ўзгарувчан кўрсаткичларни (озиқ-овқат, энергия) ҳисобга олмаганда базавий инфляция май ойига нисбатан 0,7 фоизга, 2021 йилга нисбатан эса 5,9 фоизга ўсган.

Июнь ойида таҳлилчилар инфляциянинг йиллик ўсишини 8,8 фоиз дея прогноз қилган эди. Улар инфляцияни секинлаштириш учун АҚШ Федерал захира тизимини яна ставкаларни оширишга мажбур бўлади, деб ҳисобламоқда. FT маълумотларига кўра, регуляторнинг навбатдаги йиғилишида асосий ставкани 0,5 ёки 0,75 фоизга кўтариш масаласи кўриб чиқилиши мумкин.

Федерал захира тизмининг июнь ойидаги прогнозига кўра, 2022 йил охирига келиб ставка 3,25-3,5 фоизгача кўтарилиши мумкин.

«Ноябрь ойидаги оралиқ сайловлар олдидан нархларнинг кўтарилиши Президент Жо Байден ва Конгрессдаги демократларга босимни кучайтирмоқда, чунки уларни қўллаб-қувватлавлаш пасайяпти», деб қўшимча қилади Bloomberg.

The New York Times ва Сиена коллежи томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг фақат учдан бир қисмигина Байденнинг сиёсатини маъқуллайди. Атиги ўн уч фоизи эса мамлакат тўғри йўлда эканига ишонади.

Аввалроқ январь ойида АҚШда инфляция 40 йиллик рекордни янгилагани хақида хабар берилган эди. 

Январь ойи охирида АҚШ Федерал захира тизими инфляция 2 фоиздан анча юқори даражада сақланиб қолса ва кучли меҳнат бозори шароити кузатилса, ставкани оширишга тайёрлигини эълон қилган. АҚШ регулятори охирги марта ставкани 2018 йилда оширган эди.

Мавзуга доир: