Ўзбекистонда ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 миллион 400 минг кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,2 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева маълум қилди.
Ўзбекистонда 1 миллион 400 минг нафар ишга муҳтож бўлганлар мавжуд. Ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,2 фоиз. Ушбу кўрсаткич 16-30 ёшгача бўлганлар орасида — 14,9 фоиз, аёллар орасида — 12,8 фоиз ҳисобланади.
Қайд этилишиа, 2022 йилнинг 1-чорак якуни бўйича республикада меҳнат ресурслари сони 19 млн 400 минг нафарни ташкил этади.
Меҳнат ресурсларидан иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар — 13 миллион 600 минг киши, шундан расмий секторда банд аҳоли сони — 6 миллион 100 минг нафарни, норасмий секторда банд бўлганлар сони — 5 миллион 700 минг нафарни, республикадан ташқарига ишга кетганлар сони 1 миллион 800 минг кишини ташкил этган.
Таъкидланишича, 2022 йилнинг 1 апрель ҳолатида республикада иқтисодий нофаол аҳоли 4 миллион 400 минг кишини ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда январь ойидаги ишсизлик даражаси 9,6 фоизни ташкил этганди.
Аввалроқ Ўзбекистонда офисда ишловчиларнинг 42 фоизи касбини жисмоний меҳнатга алмаштиришга тайёрлиги ва бунга уларни нима ундаши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда олий маълумотсиз бўла туриб қандай иш топиш мумкинлиги ҳақида хабар берилди.


