Ўзбекистонда офисда ишловчиларнинг 42 фоизи касбини жисмоний меҳнатга алмаштиришга тайёр. Бунга уларни нима ундайди?
HeadHunter ва Kommers.uz нима учун офис ходимлари фаолият турини ўзгартиришга мойиллиги ҳақида маълумот тақдим этади.

HeadHunter таҳлилчилари Ўзбекистондаги офис ходимлари орасида компьютер олдидаги ишини ишчи мутахассисликка ўзгартиришга қанчалик тайёр эканини аниқлаш мақсадида сўров ўтказди.
Маълумки, «оқ ёқали» ишчиларнинг иш жойида вазифалар кўплигидан «ёниб кул бўлиш» — burnout билан тўқнашиш эҳтимоли юқори. Баъзан инсон стрессдан, чексиз ҳисоботлардан ва «дедлайн»лардан халос бўлишни, янги нарсалар қилишни ёки эски орзусини амалга оширишни хоҳлайди.
Cўровда қатнашган респондентларнинг 42 фоизи ишонч билан офисдаги ўриндиқларини жисмоний меҳнат талаб қилувчи фаолият турига ўзгартиришга тайёрлигини билдирди. 39 фоизи эса фақат жиддий зарурат туғилганда бундай қарорга келиши мумкин. Яна 18 фоиз ходимлар олий маълумоти ва ўз соҳаси бўйича тажрибаси туфайли ҳеч бир ҳолатда офис ишини ўзгартиришга тайёр эмас.
Респондентлар учун фаолият турини ўзгартиришнинг асосий сабаблари қуйидагилардан иборат:
- қўл меҳнати келажакда ҳам ўз долзарблигини ва талабини йўқотмайди;
- қўшимча даромад манбаси;
- инқироз даврида муқобил чиқиш йўли.
Асосий мутахассисликни оддий ишчига ўзгартиришнинг бошқа сабаблари қаторида улар ўз севимли машғулотларини амалга ошириш имкониятини, ўз ҳаётини тубдан ўзгартириш истагини ва ўзини тартибга солишни санаган. Респондентлар, шунингдек, фаолиятнинг ўзгаришини янги қимматли тажриба ва таассуротларга эга бўлиш сифатида баҳолайди, агар қулай иш шароитлари таклиф қилинса, улар ўзгаришларга тайёр.
Баъзи респондентлар фақат умидсиз вазиятда ёки касбий чарчаш туфайли ишчи мутахассисликка ўтишга тайёр. Бошқалар учун бу ўз қизиқишларини амалга ошириш ёки жисмоний ҳолатини тўғрилаш / сақлаш имкониятидир.
Респондентлар ўзгартиришни танлаган энг машҳур касблар: фермер, темирчи, балиқчи, қандолатчи, автомеханик, новвой, электрик, тикувчи. Респондентлар орасида энг кам машҳур бўлган касблар ҳайдовчи, юк кўтарувчи, қўриқчи, фрезер ва чилангар касбларидир.
Меҳнат бозорида ишчи кадрлар соҳасида сезиларли танқислик кузатилмоқда: энди бу соҳада ҳар бир бўш иш ўрнига 2–3 та резюме тўғри келади, айни пайтда ҳар бир вакансияга 5–6 та резюме меҳнат бозори учун мақбул ҳисобланади. Шу сабабли, бугунги кунда иш берувчилар тажрибасиз номзодларни кенгроқ кўриб чиқишга ва қабул қилишга, керак бўлса уларни ўз таълим марказларида қайта ўқитишга тайёр.
HeadHunter (hh.uz) Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларидаги етакчи онлайн иш қидириш ва ходимларни ишга ёллаш платформаси ҳисобланади.
Аввалроқ Ўзбекистонда олий маълумотсиз бўла туриб қандай иш топиш мумкинлиги хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда энг кўп маош таклиф қилинаётган бўш иш ўринлари ҳақида хабар берилди.






