Ўзбекистонда 2022 йил бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан камида 4 фоиз даражасида бўлади. Бу ҳақда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида айтиб ўтди.
Мамлакатда 2022 йил учун бюджет дефицити 3 фоиздан ошмаслиги қонун билан белгилаб қўйилганди. Лекин бош вазир ўринбосари бир нечта сабаблар туфайли тақчиллик 4 фоизга етишини маълум қилди.
«Ҳаёт ўзининг таъсирини ўтказяпти. Икки мамлакат орасидаги зиддият (Россия-Украина уруши — таҳр.) локал эмас, глобал зиддиятга айланиб кетди. Бу кўп масалаларга, жумладан, бюджет параметрларига ҳам ўзгартириш киритишни тақозо этяпти», — дейди у.
Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, яқин кунларда 2022 йил бюджетидаги «корректировка»лар бўйича охирги хулосага келинади.
«Олий Мажлисга бюджет тақчиллиги даражасини ошириш бўйича илтимос билан келамиз. Биз 3 фоиз тақчилликка сиғмаяпмиз. Дефицит камида ялпи ички маҳсулотга нисбатан камида 4 фоиз бўлади», — дейди вазир.
Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев Kommers.uz мухбири билан суҳбатда бюджет дефицитининг 2022 йил белгиланган 3 фоиз миқдордан ортиб кетиши мумкинлиги сабабларини келтирар экан, буни «ижтимоий ва бошқа масалалар билан боғлиқ харажатлар кўпайгани»га боғлаганди.
Марказий банк раиси ўринбосарининг айтишича, дефицитни 3 фоиз этиб белгилаш аслида 2019 йил режа қилинган.
«Биз дефицитни 3 фоиз этиб белгилашни 2019 йил режа қилгандик, 2020 йил пандемия, 2021 йил тикланиш йили, 2022 йил эса бунақа йил (Россия-Украина уруши ва унинг таъсирлари назарда тутилмоқда — таҳр.) бўляпти. Кўрамиз, 2023 йилда нима бўлади. Лекин, албатта, дефицитнинг 2-3 фоиз бўлгани маъқул», — деганди Беҳзод Ҳамраев.
Аввалроқ, 2021 йил охирида молия вазири Тимур Ишметов 2022 йилдан консолидациялашган бюджет дефицитини 5,5–6 фоиздан 3 фоизга тушириш ва кейинги йиллардан кўрсаткични бу лимитдан умуман оширмаслик кўзда тутилаётганини айтганди.
Молия вазирлигининг «Фуқаролар учун бюджет — 2022» (лойиҳа) нашрида ҳам 2022 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги 25,5 триллион сўм (ЯИМга нисбатан 3,0 фоиз) миқдорида прогноз қилинганди.


