Бюджет тақчиллиги 2022 йил 25 трлн сўмдан ортиши кутилмоқда. Дефицит қайси манбалардан қопланади?
Консолидациялашган бюджет тақчиллигининг 66 фоизи ташқи манбалар, 34 фоизи ички манбалар ҳисобидан қопланади

Ўзбекистонда 2022 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги 25,5 триллион сўм (ЯИМга нисбатан 3,0 фоиз) миқдорида прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлигининг «Фуқаролар учун бюджет — 2022» (лойиҳа) нашрида сўз боради.
Қайд этилишича, 2020–2021 йилларда COVID-19 пандемияси ҳамда иқтисодиёт ва аҳолини қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш зарурияти туфайли юзага келган мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазиятда ҳукумат бюджет харажатларини тасдиқланган параметрларга нисбатан оширган.
Натижада 2021 йил якуни бўйича консолидациялашган бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 5,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Ўрта муддатдаги истиқболда давлат молиясининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида бюджет тақчиллигини босқичма-босқич камайтириш кўзда тутилмоқда.
Маълум қилинишича, 2022 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги 25,5 триллион сўм (ЯИМга нисбатан 3,0 фоиз) миқдорида прогноз қилинмоқда. 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистон консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чегаравий миқдорини ЯИМга нисбатан 3 фоизи ҳисобида белгилаб берувчи операцион бюджет қоидасини киритиш кўзда тутилмоқда.

Консолидациялашган бюджет тақчиллигини қоплаш (25,5 триллион сўм) ва 10,2 триллион сўм миқдоридаги асосий қарзни сўндириш учун қуйидаги манбалардан фойдаланилади:
- халқаро молия институтларининг кредитлари ва евробондлар чиқариш —13 триллион сўм;
- давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун қарзлар — 10,7 триллион сўм;
- давлат ғазначилик облигацияларини чиқариш — 6 триллион сўм.
Консолидациялашган бюджет тақчиллигининг 66 фоизи ташқи манбалар, 34 фоизи ички манбалар ҳисобидан қопланади.
Аввалроқ Ўзбекистонда йирик солиқ тўловчиларнинг бюджет тушумларидаги улуши прогноз қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2022 йилги давлат бюджети ҳаражатларининг таркиби эълон қилинди.






