Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

«Сбербанк» Ўзбекистонга рублда текин пул ўтказмаларини йўлга қўйди

«Сбербанк» карталаридан Ўзбекистонга ойига 600 минг рублгача бепул ўтказмалар амалга ошириш мумкин бўлади.

Фото: «Akket»

Россиянинг «Сбербанк» универсал банки ўз мижозлари учун Қирғизистон ва Ўзбекистонга текин пул ўтказмаларини йўлга қўйди. Бу ҳақдаги маълумот банкнинг расмий сайтида пайдо бўлди.

Маълум бўлишича, 0 фоизли комиссия банкнинг мобил иловаси орқали амалга ошириладиган пул ўтказмалари учун қўлланади. Қирғизистонга кунига 150 минг, Ўзбекистонга эса 50 минг рублгача комиссиясиз пул ўтказиш мумкин бўлади.

Текин ўтказмаларни Ўзбекистоннинг 5 та банки карталарига амалга ошириш мумкин бўлиб, улар қуйидагилар:

  • «Агробанк»
  • UniversalBank
  • «Ҳамкорбанк»
  • «Халқ банки»
  • Orient Finans Bank

Бундай ўтказмаларга, шунингдек, ойлик чегара ҳам қўйилган бўлиб, бир ой давомидаги текин ўтказмалар ҳажми 600 минг рубль этиб белгиланган.

Аввалроқ Америка Қўшма Штатлари Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига қарши чоралар кўриш мақсадида «Сбербанк», «Газпромбанк», «Открытия» Банклари, «Совкомбанк», «Новикомбанк»га қарши санкциялар киритаётгани ҳамда ушбу чекловлар мамлакат банк секторининг 80 фоизини қамраб олиши хабар қилинганди.

Шундан сўнг, HamkorBank санкция остида қолган «Сбербанк» билан ўтказмаларни тўхтатган, пул ўтказмалари тўхтатилиши 25 февралдан кучга кирганди. Кейинчалик эса HamkorBank ортидан «Ипак йўли» банки ҳам «Сбербанк» билан ўтказмаларни тўхтатганди. 28 февралга келиб эса HamkorBank «Сбербанк» орқали ўтказмалар қабул қилишни тиклаган.