Яқин соатларда 2022 йилнинг 22 январь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Япониядаги заводларини ёпган Toyota
Toyota Япониядаги 11 та заводида ишлаб чиқаришни тўхтатди. Маълум қилинишича, Япониянинг Toyota автомобиль ишлаб чиқарувчиси Япониядаги деярли барча заводларининг ишини тўхтатган. Компания хабарида айтилишича, бунга бутловчи қисмлар, хусусан, микропроцессорларнинг етишмаслиги сабаб бўлган.
Таъкидланишича, ишлаб чиқариш тақвимидаги ўзгаришлар муносабати билан январь ойида Toyota автомобилларини ишлаб чиқариш 47 мингтага қисқаради. Февраль ойида Япониядаги 14 та заводдан 8 таси ишини тўхтатиб қўйиши кутилмоқда.
Янги жамғарма
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари ташкил этилди. Бу ҳақда «Республика ҳудудларида тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармонида сўз боради.
Жамғармаларни шакллантиришнинг асосий манбаси ерни хусусийлаштиришдан ва ерни ижарага беришдан тушадиган маблағлар ҳисобланади.
Жамғармалар маблағлари қуйидагилар учун сарфланади:
- «Янги Ўзбекистон», давлат уй-жой дастурларидаги массивларни ташқи муҳандислик-коммуникация билан таъминлаш;
- 200 миллиард сўмдан ошадиган, инвесторнинг ўз маблағлари 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш;
- аҳоли пунктлари бош режалари, ҳудудларнинг маъмурий-режалаштирув топшириқлари ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш.
Фармон билан шунингдек, Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси тугатилди.
Ўзбекистонни мисол қилган Дуров
Россия Марказий банки томонидан таклиф қилинган криптовалюталарни тақиқлаш IT-мутахассисларининг мамлакатдан чиқиб кетишига олиб келади ва юқори технологияли иқтисодиётнинг қатор тармоқларини йўқ қилади. Бу ҳақда Telegram раҳбари Павел Дуров ўз каналида ёзмоқда.
«Ҳеч бир ривожланган давлат криптовалюталарни тақиқламайди. Сабаби: бундай тақиқ муқаррар равишда блокчейн технологияларининг ривожланишини секинлаштиради. Ушбу технологиялар молиядан тортиб санъатгача бўлган кўплаб инсон фаолиятининг самарадорлиги ва хавфсизлигини оширади», — деб ёзади Дуров.
Унга кўра, ҳисоблаш бирликлари сифатида криптовалюталардан фойдаланган ҳолда тақсимланган регистрларга асосланган ечимлар ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги эскирган марказлашган молия тизимларини алмаштирмоқда.
«Россиянинг Украинадан тортиб Ўзбекистонгача бўлган қўшнилари ривожланган давлатлардан кейин блокчейн соҳасида илғор қонунларни қабул қилмоқда. Бу давлатлар технологик ва иқтисодий тараққиётдан четда қолишни истамайди», — деб ёзади Дуров.
Миллиардернинг ёзишича, Россия бугунги кунда блокчейн саноатида юқори малакали мутахассислар сони бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. Ўйланган тартиб мамлакатга халқаро молия тизимидаги кучлар тақсимотини мувозанатлаш ва янги иқтисодиётнинг асосий иштирокчиларидан бирига айланиш имконини беради.
Ҳар қандай молиявий орган томонидан криптовалюталар муомаласини тартибга солиш истаги билдирилиши табиийдир.
«Бундай тақиқ виждонсиз ўйинчиларни тўхтатиб қўйиши даргумон, лекин бу соҳадаги қонуний рус лойиҳаларига чек қўяди», — деб ёзади миллиардер.
Ойбек Турсунов ва «Капиталбанк»
Ойбек Турсунов «Капиталбанк» аффилланган шахслари рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақдаги маълумотлар Ягона корпоратив ахборот порталида эълон қилинган.
Ойбек Турсунов молия муассасасининг асосий акциядори бўлгани учун 2021 йилнинг ноябрь ойидан буён ушбу рўйхатга киритилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 29 октябрь куни Ойбек Ботирович Турсунов «Капиталбанк» акциядорлик тижорат банки устав капиталидаги 34,10 фоиз акцияни сотиб олганди. Шу билан, Банкдаги у эгалик қиладиган жами акциялар 50 фоизга етди.
Шунингдек, миллиардер Алишер Усмоновга тегишли USM Holding компаниясининг шўъба корхонаси бўлган «Телекоминвест» ноябрь ойида «Капиталбанк»нинг 215,3 миллиард сўмлик акцияларини сотиб олди.
«Телекоминвест» 2022 йил январь ойида «Капиталбанк»нинг 8,33 фоиз акциясини сотиб олганидан сўнг компаниянинг банкдаги умумий акциялари 25 фоизга етди.
АҚШ ва Қатар музокаралари
АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти вакиллари Қатар билан Европага суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Маълумотларга кўра, Байден Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийни АҚШга таклиф қилмоқчи. Учрашув январь ойида бўлиб ўтиши мумкин, унга тайёргарлик анча вақтдан бери давом этмоқда.
Украина атрофидаги вазият туфайли Россияга қарши санкциялар қиш ўрталарида Россия газини етказиб бериш тўхтатилиши ёки чекланишига олиб келиши мумкин. АҚШ расмийлари газ етказиб берилишининг тўхтатилишидан хавотирда бўлган Европа давлатларининг қўрқувини йўқотмоқчи. Таъкидланишича, Европа газнинг 40 фоиздан ортиғини Россиядан олади.
Қатар, ўз навбатида, суюлтирилган газ бўйича дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, ўз ёқилғисининг тўртдан уч қисмини Япония ва Корея каби кам энергия сарфлайдиган Осиё мамлакатларига сотади. Қатар мамлакатда ишлаб чиқарилган суюлтирилган газнинг тахминан 5 фоизини Европага етказиб беради.
JPMorgan банки раҳбари орттирган бойлик
JPMorgan бош директори Жейми Даймон 2021 йил 34,5 миллион доллар ишлаб топди. Активлари бўйича АҚШнинг энг йирик банки JPMorgan Chase & Co. бош директори Жейми Даймон 2021 йил учун 34,5 миллион доллар компенсация олади. Даймоннинг умумий компенсацияси миқдори 2020 йилга нисбатан 3 миллион долларга ошади.
Банк раҳбарининг базавий маоши 2011 йилдан бошлаб 1,5 миллион доллар қилиб белгиланган, яна 5 миллион долларни бонус сифатида олади. Иш ҳақининг асосий қисми эса акциялар кўринишида тўланади. Даймон бу акциялардан компания маълум мақсадларга эришгач, бир неча йил ўтиб фойдаланиши мумкин.
Таъкидланишича, JPMorgan 2021 йили 48,3 миллиард доллар соф даромад олган. Бу кўрсаткич аввалги рекордга нисбатан учда бир баравар кўп.
Даймон 2005 йилдан бери банкнинг бош директори лавозимида ишлаб келади. 2021 йилнинг бошида у банкдан 50 миллион доллар миқдорида махсус бонус олган эди. Шу билан JPMorgan уни камида яна беш йил бош директор лавозимида қолдиришга уринган.
Қулаётган Биткоин
Биткоин курси 9 фоизга тушиб, ярим йилликдаги минимумни янгилади. Маълум қилинишича, 22 январь куни эрталаб биткоин нархи 2021 йил 24 июлдан бери минимум қийматни янгиланиб, 35,1 минг долларни ташкил этган. Шунингдек, ўтган кеча-кундузда биринчи рақамли криптовалюта нархи 9 фоизга арзонлашган.
Биткоин нархи 20 январь куни кечқурун унинг курси 43,5 минг доллардан ошиб кетгач кескин пасайишни бошлаган. 2021 йил 10 ноябрда белгиланган тарихий максимал — 69 минг доллардан криптовалюта 48 фоизга — деярли ярмига арзонлашган.
Криптовалюта бозоридаги пасайиш S&P 500 индексининг қисқариши билан боғлиқ бўлиши мумкин, бу индекс 20 январдаги савдо сессияси натижаларига кўра 1 фоизга, 21 январда эса яна 2 фоизга пасайишда давом этган. Бундан олдин, 19 январь куни Arcane Research таҳлилий компанияси биткоин алмашинув курси ва S&P 500 индекси ўртасидаги корреляция 2020 йил октябрь ойидан бери рекорд даражага етганини хабар қилган эди.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.


