Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

Илон Маск судга Twitter’га қарши даъво аризаси топширди

Тадбиркорнинг илтимосига биноан суд даъво тафсилотларини сир сақламоқда, бундай илтимоснинг сабаби эса номаълум.

Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маск Twitter’га қарши даъво билан чиқди. Бу ҳақда CNBC хабар берди.

Тадбиркорнинг илтимосига биноан суд даъво тафсилотларини сир сақламоқда, бундай илтимоснинг сабаби эса номаълум.

The Guardian нашрининг ёзишича, Маск 29 июль куни судга мурожаат қилган, ўша куни Twitter бизнесменни битимни якунлаш ва товон тўлаши учун судга берган эди. Маскнинг даъвоси 164 саҳифадан иборат. Нашрнинг қайд этишича, суд регламентига кўра, ҳужжатнинг таҳрирланган варианти тез орада чоп этилиши мумкин.

Twitter раҳбарияти апрель ойида Илон Маск тармоқни 44 миллиард долларга сотиб олмоқчи эканини айтган эди, бироқ май ойи ўрталарида миллиардер компания ҳақиқий фойдаланувчилар орасида бот ва спам-аккаунтларнинг улушини ошкор қилмагунча ҳеч қандай келишув бўлмаслигини билдирди.

Маскнинг фикрича, спам-ботлар ҳақиқий аккаунтларнинг 20-25 фоизидан ошиб кетиши мумкин. Маскнинг адвокатларига кўра, бундай маълумотлар бизнес фаолияти учун муҳим ҳисобланади. 8 июль куни Маск Twitter’ни харид қилишдан расман воз кечди ва компанияни бундан хабардор қилди.

Илон Маск Twitter’ни сотиб олиш фикридан қайтганидан сўнг тармоқ акциялари тушиб кетди.

Шундан сўнг Twitter келишувни якунлаш учун судга мурожаат қилди. Компания ўз даъвосида Маскнинг харидга тайёргарлик кўришдаги хатти-ҳаракатлари «инсофсизлик» эканлигини таъкидлади ва уни «бозор ўзгара бошлагани» сабабли битимга қарши ҳаракат қилишда айблади.

Twitter сентабр ойида тезкор суд жараёнини ўтказиш учун ариза топширди ва АҚШ суди бунга рухсат берди. Суднинг таъкидлашича, келишув атрофидаги «ноаниқлик» Twitter’га зарар келтирмоқда. Суд муҳокамаси октябрь ойида бўлиб ўтади ва беш кун давом этади.

Аввалроқ Twitter Илон Маск билан муваффақиятсиз келишув сабаб 33 миллион доллар зарар кўргани хабар қилинди. Тармоқ, шунингдек, даромаднинг камайиши cабаблари сифатида реклама соҳасидаги муаммолар ва умумий иқтисодий вазиятни ҳам тилга олган. Бироқ «Илон Маск томонидан Twitter’нинг сотиб олиниши билан боғлиқ ноаниқлик» ижтимоий тармоқ маблағлари йўқотилишининг асосий омили дея кўрилган.