ЯИМ, инфляция ва камбағаллик даражаси: Президент иқтисодий комплекс раҳбарларига бир қанча вазифалар топширди
Яқин беш йилда иқтисодиётга 120 миллиард доллар инвестиция жалб этиш белгиланди.

Айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кун тартибида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳалари қамраб олинган, кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда барча иқтисодий комплекс раҳбарлари ва ҳокимлар олдига қуйидаги вазифалар қўйилган.
Жумладан, ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард доллардан ошириб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,4 бараварга кўпайтириш ва камбағаллик даражасини камида 2 бараварга қисқартириш ҳамда 2022 йилда инфляция даражасини 9 фоиздан оширмаслик вазифаси қўйилган.
Бундан ташқари, 2022 йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 10 триллион сўм кредитларни «маҳаллабай» кафолатли етиб боришини таъминлаш, шунингдек, бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик белгилаб қўйилган.
Хабарга кўра, деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 бараварга ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, яқин беш йилда иқтисодиётга 120 миллиард доллар, шу жумладан 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш, экспорт ҳажмини йилига 30 миллиард доллардан ошириш вазифаси қўйилган.
Аввалроқ 2022 йилда тараққиёт стратегияси доирасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун қанча маблағ ажратилиши маълум қилинганди. Шунингдек, электр таъминоти узилиши бўйича Президентнинг муносабати ҳақида хабар берилди.






