«Бу кон — катализатор». Шавкат Мирзиёев Олмалиқдаги «Ёшлик-1» конини кўздан кечирди
«Ёшлик-1» конини ўзлаштириш бўйича 5 миллиард 122 миллион долларлик мегалойиҳа амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Пезидент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президентининг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш бўйича 5 миллиард 122 миллион долларлик мегалойиҳа амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари Олмалиққа ташрифи чоғида, аввало, мазкур кондаги ишларни кўздан кечирди.
«Кон ҳудуди 11 минг гектар. Захираси ҳам шунга яраша салмоқли — йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олиш қувватига эга. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор. Уларни қайта ишлаш учун Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бу ерда иш бошланган 2017 йилда йилига 3 миллион куб метр кон ишлари бажарилар эди. 415 миллион долларлик 570 дан зиёд замонавий техникалар олиб келингач, самарадорлик ўн карра ошди. Эндиликда иш ҳажми йилига 40 миллион куб метрни ташкил этмоқда.
«Бу кон — катализатор. Уни самарали ўзлаштириш билан бирга кичик конлар бўйича ҳам янги йўналиш қилиш керак. Бу ҳам қўшимча иш ўринлари, катта экспорт, дегани», — деди Шавкат Мирзиёев.
Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида, шунингдек, оҳак заводи, 650 мегаваттли электр тармоғи ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилади. Жами 6 минг киши иш билан таъминланади.
Давлат раҳбари ушбу комбинат, умуман, келгусида ҳар бир саноат корхонаси ўзини ўзи муқобил электр энергияси билан таъминлаши зарурлигини таъкидлади. Илмий тадқиқотларни ва мақсадли аспирантурани кенгайтириш, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали салоҳиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди.