Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл қатнови 10 февралдан тикланди
Афғонистон темир йўл бошқармаси ва Sogdiana trans ШК ўртасида Ҳайратон—Мозори-Шариф темир йўлини эксплуатация қилишни келгувсида давом эттириш бўйича янги шартнома имзолашга келишилди

Ўзбек—афғон темир йўллари ўртасида юклар ташуви тикланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 8–10 февраль кунлари Термиз шаҳрида Афғонистон темир йўллари бошқармаси раҳбари Байтуррахмон Шарофат бошчилигидаги афғон делегацияси билан учрашув ўтказилган.
Учрашув натижасида Афғонистон темир йўл бошқармаси ва Sogdiana trans ШК ўртасида Ҳайратон—Мозори-Шариф темир йўлини эксплуатация қилишни келгувсида давом эттириш бўйича янги шартнома имзолашга келишилди.
Шу билан бирга, томонларнинг келишувига кўра, Афғонистон томонига йўналтирилган вагонларни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг Sogdiana trans ШК томонидан Хайратон станциясига етказиб бериш 2023 йилнинг 10 февралидан қайта тикланди.
Шунингдек, музокаралар якунида эришилган келишувлар бўйича баённома имзоланди.
Аввалроқ Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл қатнови 1 февралдан вақтинча тўхтатилгани, бунга Афғонистон темир йўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётгани сабаб бўлгани ҳақида хабар берилганди.






