Қозоғистонда Apple’нинг расмий офиси очилиши мумкин
Apple Қозоғистонда расмий офисини очиши мумкин. Агар мамлакатда Америка компаниясининг офиси очилса, бу Марказий Осиёдаги биринчиси бўлади.
Қозоғистон расмий офисини очиш учун Apple компанияси билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Tengrinews.kz Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигига таяниб хабар берди.
Қозоғистонда Apple офисини очиш масаласи шу йилнинг 23 январида Олмаотада содир бўлган зилзиладан кейин пайдо бўлганди.
Агар Apple компанияси Қозоғистонда ўз офисини очса, у Марказий Осиёдаги биринчиси бўлади. 2021 йил бошида Ўзбекистонда Apple компаниясининг расмий офислари очилиши маълум қилинганди. Бироқ, шундан бери бу ҳақда ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас.
Қайд этиш керак, 2019 йилда «Ўзстандарт» агентлиги Apple Ўзбекистонда расмий сервис марказларини очмайди, деган баёнотга изоҳ бериб, компания вазият тақозо қилганида бошқа мамлакатларда ўз сервис марказларини очганини таъкидлаганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йили Украинада уруш бошланганидан сўнг, Apple Россияни тарк этди ва маҳсулот етказиб беришни тўхтатди.