2024 йил учун закот, фитр ва фидя миқдорлари белгиланди
Рамазон ойи учун тилло қийматидан закот нисоби 40 000 000 (қирқ миллион) сўм этиб белгиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг милодий 2024/ҳижрий 1445 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарорлари қабул қилди.
Унга кўра, Рамазон ойи учун тилло қийматидан закот нисоби 40 000 000 (қирқ миллион) сўм этиб белгиланди.
Демак, кимда зарурий эҳтиёжидан ташқари 40 000 000 (қирқ миллион) сўм ва ундан ортиқ пул маблағи ёки ушбу қийматдаги савдо-тижорат моли бўлса, жами маблағининг қирқдан бири (2,5 фоизи)ни закот ниятида ҳақдорларга беради, – дейилади Фатво марказининг хабарида.
Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
- буғдойдан – 14 000 (ўн тўрт минг) сўм;
- арпадан – 20 000 (йигирма минг) сўм;
- майиздан – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
- хурмодан – 180 000 (бир юз саксон минг) сўм деб белгиланди.
Фатво марказининг қайд этишича, ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб, ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини бериши мумкин бўлади.
Таъкидланишича, фидя миқдори фитр садақасининг миқдори билан бир хил бўлади.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб, ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фидя миқдорини ажратиши кифоя қилади, – деб тушунтириш берган мусулмонлари идораси.
Аввалроқ, Тошкентда таровеҳ намозига масжидларга яқин кўчалар автомобил ҳаракати учун ёпилиши ҳақида хабар берилганди.