Ўзбекистонда электр таъминотидаги барча чекловлар олиб ташланди
Ўзбекистонда электр таъминотидаги барча чекловлар олиб ташланган. Шунингдек, Туркманистондан 15,6 миллион киловатт/соат электр энергияси импорт қилинди.
Ўзбекистонда ҳудудларига электр энергияси етказиб беришда 8 мартдан буён ҳеч қандай чекловлар қўлланилмаяпти. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Табиий газ босимининг меъёрий схемага қайтгани сабаб электр энергияси етказиб беришда 17 февралдан буён амалга киритиб келинган чекловлар бекор қилинди.
Қайд этилишича, 10 март куни электр станциялар орқали 238,9 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу режадагига нисбатан 4 фоизга кўп бўлиб, бунинг учун иссиқлик станцияларида 48,2 миллион кубометр табиий газ, 16,8 минг тонна кўмир ҳамда 4 минг тонна мазут ёқилган.
Туркманистондан 15,6 миллион киловатт/соат электр энергияси импорт қилинган. Истеъмолчиларга режага нисбатан 8 фоиз кўп электр энергияси, 9 фоиз кўп табиий газ етказиб берилди.
10 март куни 1 325 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари орқали жами 13,41 млн кубометр табиий газ сотилди. Бу миқдор 7 март куни 14,91 млн кубометрни, 8 март куни 15,12 миллион кубометрни, 9 март куни эса 15 миллион 614 минг кубометрни ташкил қилди.
Шунингдек, автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали жами 270 минг тонна суюлтирилган газ етказилди. «Ўзбекнефтгаз» томонидан барча АЁҚШларга 661 тонна автобензин етказиб берилди.