NestOne ишчилари маош йўқлиги сабаб норозилик уюштиргани айтилди. Мурод Назаров ҳолатга изоҳ берди
Тадбиркорнинг айтишича, ижтимоий тармоқларда «ваҳима кўтарилган», аслида эса «ҳаммаёқ тинч».
Тошкент шаҳрида қурилаётган NestOne мажмуаси қурувчилари маош берилмаётгани сабабли норозилик уюштиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Тадбиркор Мурод Назаров ушбу хабарларга жавоб тариқасида Instagram’да жонли эфирга чиқди.
Тадбиркорнинг айтишича, ижтимоий тармоқларда «ваҳима кўтарилган», аслида эса «ҳаммаёқ тинч».
«Мен ҳозир NestOne’даман. Ижтимоий тармоқларда ваҳима қилиб, чарчатиб юбординглар. Тўғрисини айтаман. Мана, жонли эфирга чиқдим. Ваҳима қилманглар. Ош емаганинглар учун (Мурод Назаров бир неча кун аввал бинонинг 51-қаватида ош тайёрлаган эди — таҳр.) алам олиш ундай бўлмасин, илтимос. Ҳаммаёқ тинч. Нима кераги бор ваҳима қилишни? Ҳаммаси зўр кептяпти. Битта ош қилиб балога қолдим», — дейди Мурод Назаров.
Тадбиркор ош сабаб ваҳима кўтарилган ҳақида мутойиба ёки ҳақиқатни айтгани бўйича аниқ маълумот йўқ.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда эса бир гуруҳ қурувчилар пойтахтдаги Ботир Зокиров кўчасида тўпланганини кўриш мумкин.
Қурувчилар нима учун кўчани тўсиб қўйгани бўйича ҳозирча батафсил маълумот йўқ.