Balenciaga тўлов учун криптовалюталарни қабул қила бошлайди
Bitcoin ва Ethereum криптовалюталари тўлов воситаси бўла олиши аниқ, келажакда бошқа криптовалюталар билан тўловлар қилиш имконияти ҳам қўшилади.
WWD маълумотларига кўра, мода бренди Balenciaga криптовалюталар билан тўловларни қабул қилишни бошлайди. Криптовалюталар расмий веб-сайт ва бренднинг АҚШдаги флагман дўконларида қабул қилинади.
Қайд этилишича, яқин келажакда бошқа мамлакатлар онлайн-дўконига мос вариантни қўшиш ҳам режалаштирилган. Balenciaga ҳали тўлов хизмати провайдери ҳақида қарор қабул қилмаган, лекин, албатта, Bitcoin ва Ethereum криптовалюталари тўлов воситаси бўла олиши аниқ.
Келажакда бошқа криптовалюталар билан тўловлар қилиш имконияти ҳам қўшилади. Компания валюта курсининг беқарорлиги билан боғлиқ хавотирларга изоҳ берди.
«Balenciaga криптовалюталарни узоқ муддатли ечим сифатида кўради ва валюта ўзгариши янгилик эмас», дейилади бренд хабарида.
Май ойи бошида Швейцариянинг ҳашаматли соатлар бренди TAG Heuer (LVMH концернининг бир қисми) 12 хил криптовалютада тўловлар қабул қилиши маълум бўлганди.
Аввалроқ Илон Маскнинг Tesla компанияси ўз маҳсулотларига Dogecoin мем-криптовалютаси билан тўлов қилиш имкониятини яратганди.
Компаниянинг расмий веб-сайтидаги дўконда 835 DOGE учун Tesla тимсоллари туширилган камар боғичига, 12020 DOGE учун эса болалар учун электроквадроциклга буюртма бериш мумкин.