АҚШ Ўзбекистондаги компанияга қарши санкция киритди
Promcomplektlogistic Россиянинг «Радиоавтоматика» корхонаси учун микросхема каби электрон компонентларни етказиб беради.
АҚШ Ўзбекистонда жойлашган Promcomplektlogistic компаниясини «қора рўйхат»га киритди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти сайтида маълумот берилди.
Давлат департаменти Россиянинг «Радиавтоматика» корхонасини санкциялар рўйхатига қўшган. Корхонани АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларида «фаол қўллаб-қувватлагани» учун Ўзбекистонда жойлашган Promcomplektlogistic хусусий компанияси ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.
Таъкидланишича, Promcomplektlogistic Россиянинг «Радиоавтоматика» корхонаси учун микросхема каби электрон компонентларни етказиб беради. «Радиоавтоматика» эса Россия Мудофаа вазирлигини жиҳозлар билан таъминлайди.
«Promcomplektlogistic хусусий компаниясига санкция қўлланиши бутун дунё бўйлаб тижорат манфаатдор томонлари учун огоҳлантириш бўлиши керак: агар сиз санкциялар остида бўлган юридик ёки жисмоний шахслар билан бизнес юритсангиз, сизга санкция қўлланиши хавфи бор», — дейилади баёнотда.
Promcomplektlogistic ҳақида
Promcomplektlogistic компанияси 2018 йилда ташкил этилган. Устав капитали 10 миллион сўм бўлган корхона Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Навоий шоҳ кўчаси, 16-а уйда рўйхатдан ўтган.
Логистика билан шуғулланувчи корхонанинг ягона таъсисчиси ва раҳбари Олег Граблин ҳисобланади.
Граблин, шунингдек, Alfa Beta Creative компаниясининг ҳам эгаси ҳисобланади.