Фермерлар норози: Ўзбекистонда кўтарилаётган дизель нархи қачон назоратга олинади?
Uzbekistan GTL товар-хом ашё биржасига дизель маҳсулотини чиқармаяпти, нархлар эса эрта баҳордан кейин кескин ўсишни бошлагани айтилмоқда.
Ўзбекистонда дизель нархи ошиб бораётгани бўйича таҳририятга республикадаги фермер, деҳқон, қишлоқ хўжалиги вакилларидан мурожаатлар келиб тушди. Kommers.uz Хоразм вилояти Гурлан туманида фаолият олиб борувчи фермер, «Иззатбек Бунёдбек» фермер хўжалиги раҳбари Ëрқиной Раҳимова билан суҳбатлашди.
Дизель нархининг баландлиги ва танқислик
Хоразмлик фермернинг айтишича, дизель нархи эрта баҳордан кейин кескин кўтарилишни бошлаган.
«Эрта баҳорда 8-8,5 минг сўмдан олганмиз. Ҳозирги кунга келиб, қўлда сотиладиган дизель 13 минг сўм, энг арзон, сифатсиз ва яроқсиз дизель 12 минг сўм, ‘заправка’ларда эса маҳсулот нархи 14-15 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу нарх биз фермерларнинг шароитига умуман тўғри келмайди.
Кластерларнинг берган дизелига бизнинг техникаларимиз қараб турмайди, бошқа ‘заправка’лардан ўзимиз сотиб оламиз. Кластерлар бизга дизель неча пулдан сотиб олинаётгани бўйича маълумот ҳам бермайди. Маҳсулот нархи биржада кўтарилаётгани айтилади. Лекин нархлар назорати билан шуғулланадиган бирорта раҳбарни кўрмадим», — дейди у.
Ëрқиной Раҳимованинг сўзларига кўра, кластерлар берган дизель фермерларга камлик қилади ва улар маҳсулотни «кўчадан» сотиб олишга мажбур бўлади.
«Кластерлар берган дизель бизга етмайди. Шундан кейин ўзимиз кўчадан сотиб олишга мажбур бўламиз. Кузатамизки, нархлар жуда баланд: ‘заправка’дан олсак, қиммат, қўлдан олсак, арзон, лекин сифатсиз. У ҳам арзон бўлиб арзон эмас: литрига 2 минг сўмдан фарқ қилади, бироқ сифати яхши эмас.
Ушбу муаммолар Президентимизга етиб борса, натижа албатта кўзга кўринади. Лекин давлат раҳбари бехабар бўлса, фойдаси йўқ. Барча масъул раҳбарлар нарх-навони билиб турибди», — дейди фермер.
Шунингдек, Ëрқиной Раҳимова ёқилғи нархининг баландлиги даромад ва янги техникалар сотиб олишга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади.
«Биз фермерлар ҳар йили тушган даромадга янги-янги техникалар сотиб олардик. Лекин ўйланиб қолдик, дизель бу нархда бўлса, техника сотиб олишнинг ҳам ҳожати йўқ. Далада ишлашнинг ҳам ҳожати қолмаяпти, чунки чиқимни ҳисобласангиз, фермерлар даладан фойда кўролмаётганини тушунасиз.
Дизель нархи эрта баҳордан кейин кескин кўтарилиб кетди. Мисол учун, биз пахта экилганида далага 8-10 марта ишлов берамиз (култуация). Нархлар баланд бўлгани учун бу ҳам қисқартириб ташланди — 5 марта ишлов беришга ўтдик», — дейди суҳбатдош.
«Пахта нархини эркинлаштириш керак»
Ëрқиной Раҳимованинг айтишича, кўплаб фермерларнинг эътирозига сабаб бўлаётган яна бир жиҳат — пахта нархининг эркинлаштирилмагани.
«Биз ҳамма маҳсулотни биржа нархида сотиб оламиз. Лекин кластерлар пахтамизни биржа нархида олмайди, ўзлари нарх-наво қўйиб, бизга ўзимиз етиштирган маҳсулотга эркин нарх белгилашимизга имкон бермайди. Пахтамизни биржа нархига ўтказиш керак, шунда адолатдан бўлади.
Мисол учун, шунда биржадан дизель олсак ҳам қийналмаймиз. Илгари бир килограмм пахтанинг пулига икки литр дизель олардик. Ҳозир эса бир кило пахтанинг пули бир литр дизелга ҳам етмаяпти», — дейди фермер.
Унинг фикрича, фермерга ўз пахтасига нарх белгилаш имкони берилиши керак.
«Катта эътирозимиз шу: фермерга ўз пахтасига нарх белгилаш имкони берилсин, кластерлар эса ушбу нарх тўғри келса, сотиб олсин. Шунда фермер ҳам даромад қилади, маҳсулотини қийналмай сотиб олиб, далага аямай ишлов беради», — дейди Ëрқиной Раҳимова.
Исм-шарифи сир қолшини истаган бошқа бир фермернинг айтишича, давлат фермерларга пахта ва ғалланинг нархини аниқ белгилаб бердими, демак фермерлар олаётган махсулот нарҳини ҳам муносиб равишда назорат қилиши керак.
Кузатувлар
Кузатувларга кўра, Uzbekistan GTL товар-хом ашё биржасига дизель маҳсулотини чиқармаяпти. Бунинг сабаблари эса номаълум. Жадвалга кўра, Uzbekistan GTL ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи биржага июль ойида ҳар куни 660 тоннадан синтетик дизель ёқилғиси қўйиб бориш керак.
Қолаверса, 19 июль куни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳам биржа савдоларига дизель чиқармаган.
«Uzbekistan GTL заводида ишлаб чиқариладиган дизель ёқилғиси камида Евро-6 стандартларига мос бўлади. Бу маҳсулотлар мамлакатимиздаги логистика марказларини ривожлантириш ва авиация хабларини ташкил қилишга мустаҳкам замин яратади», дейилганди Президент матбуот хизмати берган маълумотларда.
Унга кўра, Uzbekistan GTL йилига 724 минг тонна дизель ёқилғиси тайёрлаш қувватига эга.
Kommers.uz дизель нархи бўйича воқелар ривожини кузатиб боради.