Инвестициялар учун энг жозибадор тармоқлар қайсилар?
Экспертлари қиёсий устунлик нуқтайи назаридан инвестициялар учун энг жозибадор тармоқларни аниқлади. Kommers.uz’га маълум қилинишича, саноат тармоқлари инвесторлар учун потенциал жозибадор бўлиш учун қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитидан ташқари маълум қиёсий афзалликларга ҳам эга бўлиши керак.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари қиёсий устунлик нуқтайи назаридан инвестициялар учун энг жозибадор тармоқларни аниқлади. Бу ҳақда институт матбуот хизмати Kommers.uz’га таҳлилий мақола тақдим этди.
Маълум бўлишича, саноат тармоқлари инвесторлар учун потенциал жозибадор бўлиш учун қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитидан ташқари маълум қиёсий афзалликларга ҳам эга бўлиши керак. Тадқиқот натижасида иккита саноат гуруҳи аниқланган.
Биринчи гуруҳ — халқаро савдода қиёсий устунликка эга бўлган ва инвестициялардан дарҳол даромад олиш мумкин бўлган тармоқлар мажмуи. Булар: тўқимачилик саноати, кийим-кечак ишлаб чиқариш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, электр жиҳозларини ишлаб чиқариш тармоқлари ҳисобланади. Меҳнат харажатлари, потенциал бозорлар ва мавжуд хом ашё бу тармоқларнинг қиёсий афзаллигини белгиловчи асосий омиллар ҳисобланиши айтилган.
Иккинчи гуруҳ — ривожланиш потенциалига эга бўлган, лекин инвестициялардан маълум шароитларда даромад оладиган тармоқлардир. Бу гуруҳга кимё саноати, қора металлургия, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш киради. Ушбу тармоқларнинг ҳозирги устунлиги энергия нархининг нисбатан пастлиги билан боғлиқ. Лекин, бу афзаллик бозордан ташқари омиллар, бу ҳолатда, сунъий чеклаш ва энергия нархини субсидиялашга боғлиқ.
Таъкидланишича, либераллаштириш шароитида технологик сиёсатни такомиллаштириш ва маҳсулот бирлигига ресурслар сарфини сезиларли даражада камайтириш шарти билан бу тармоқларга қўйилган инвестициялар даромад келтиради.
Экспертлар тармоқларнинг қиёсий афзаллигини ички нархлар ва жаҳон нархларида ҳисобланган ялпи маҳсулотдаги қўшилган қиймат улушининг нисбатларидан фойдаланган ҳолда баҳолаган. Ҳисоб-китоблар учун ҳар бир кўриб чиқилаётган соҳа учун асосий маҳсулотлар танлаб олинган.