«Тадбиркорлар қизиқиш билдирмади» — Абдуқодир Тошқулов давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхоналар қуриш режаси янгиланганини айтди
Абдуқодир Тошқулов давлат-хусусий шериклик асосида талабалар ётоқхоналарини қурган тадбиркорларга субсидия ажратилишини маълум қилди. Шунингдек, тадбиркор ОТМ атрофидаги бўш турган бинони реконструкция қилиб ётоқхонага айлантирса, давлат унга ҳам субсидия тўлаб беради.
Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов АОКАдаги брифингда талабалар турар-жойларини қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик асосидаги тартиб янгилангани ва энди тадбиркорларга ётоқхона қургани учун давлат томонидан субсидия ажратилишини маълум қилди. Бу ҳақда вазир АОКАдаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.
«Бу бўйича биз дастлабки тавсияларимизни бердик. Тадбиркорлар қизиқиш билдирмади. Чунки кўзда тутилган тартиб бўйича ҳисоб-китоб қилинса, 12 йилда ҳам пули чиқмас, сарф-харажатни қопламас эди. Шундан кейин бу тартиб янгиланди, тадбиркорларнинг манфаатига. Яъни, субсидия ажратиш бўйича», — деди Олий ва ўрта-махсус таълим вазири.
Қайд этилишича, давлат тадбиркор қурган ётоқхонада турган ҳар бир талаба учун йилига 8 миллион сўм атрофида тўлаб беради.
Шунингдек, ОТМ атрофидаги бўш бинони реконструкция қилиб, ётоқхонага айлантирган тадбиркорга ҳам давлат томонидан субсидия тўлаб бериши таъкидланди.
Маълум қилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 157 минг нафар талаба мавжуд. Шундан турар-жойга эҳтиёжи борлар — 82 минг 829 нафар. Талабалар турар-жойларининг қуввати — 35 минг 639 нафар талабани жойлаштиришга етади. Ҳозирча 28 минг 142 нафар талаба (79 фоиз) бу ўринларга жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йил 47 та талабалар турар-жойи давлат-хусусий шериклик асосида қурилиши ҳақида хабар берилганди.