ШҲТ давлатлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим имзоланди
Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бир қатор битимлар имзоланди
Туризм ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва хорижий давлатлар аҳолисини ўзаро бир-бирларининг маданий ҳаёти билан янада яқинроқ ва яхшироқ таништириш мақсадида ШҲТга аъзо мамлакатлар — Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим имзоланди.
ШҲТнинг кенг майдони ва жуда кўп аҳолини қамраб олиниши инобатга олинса, туризм борасидаги ҳамкорлик ҳар бир давлатнинг туризм соҳаси ривожланишига хизмат қилиши қайд этилди.
Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Ботир Шаҳриёров ушбу битим ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириши ва мустаҳкамлашини таъкидлади.
«Битимга кўра, томонлар ШҲТга аъзо давлатларнинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, томонлар давлатлари халқларининг тарихи, маданияти, табиати ва анъаналари билан яқиндан танишиш мақсадида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ҳисса қўшадилар», — деди у.
Битимга кўра, давлатлар туризмни ривожлантириш йўлида доимий ҳамкорлик қилишга келишиб олган.