Урганч, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидан Саудия Арабистонига мунтазам авиарейслар йўлга қўйилиши мумкин
Ўзбекистон Транспорт вазири ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларидан Саудия Арабистонига «Зиёрат туризми» доирасида парвозларни йўлга қўйишни муҳокама қилишди
Транспорт вазирлигида 29 сентябрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, музокаралар давомида Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Ўзбекистон ўртасида ҳаво транспорти соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат ўртасида мунтазам авиақатновлар сонини ошириш ва туризм йўналишида алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама этилган.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан иккала давлат ўртасида кенг қамровли ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида келгусида Саудия Арабистони авиакомпанияларини «Зиёрат туризми» дастури доирасида тарихий шаҳарлар, яъни Самарқанд, Бухоро ҳамда Урганч шаҳарларига мунтазам авиарейсларни йўлга қўйиш таклиф этилган.