Фарғона «ТХТЯ—2022»да 15 млн долларлик шартнома имзолади
«Ипак йўлида туризм» Тошкент Халқаро туризм ярмаркасида Фарғона вилояти 15 миллион долларлик шартнома имзолади. Бу келишув вилоятга маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини 2 баробарга оширишга хизмат қилади
«Ипак йўлида туризм» Тошкент Халқаро туризм ярмаркасида Фарғона вилояти 15 миллион долларлик шартнома имзолади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Фарғона вилоятининг туризм салоҳиятини кенг тарғибот қилиш орқали келгуси йилларда маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини 2 баробарга ошириш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ва 42 нафар туризм соҳаси тадбиркорлари (22 та меҳмонхона 20 туроператорлик корхоналари) иштирок этган.
Кўргазма давомида туризм соҳаси вакиллари ва соҳа тадбиркорлари томонидан 2 мингдан ортиқ туризм салоҳиятини акс эттирувчи маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизмат турлари бўйича тарғибот буклетлари тарқатилган.
Шунингдек, республиканинг етакчи туристик корхоналари билан 551 дан ортиқ янги битим келишувларга эришилган. Ушбу келишувлар суммаси жами қарийб 15 миллион долларни ташкил этмоқда. Жумладан, Dilrabo tourism and logistics МЧЖ, «Фарғона Водий сайёҳ» ҳамда Kokand tourism туроператорлик корхоналари томонидан кўргазмага ташриф буюрган Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон, Озарбайжон ва Малайзия давлатлари вакиллари билан музокаралар ўтказилиб, кириш ва чиқиш туризм йўналишлари бўйича битим келишувларга эришилган.
Бундан ташқари, Қозоғистон билан ҳунармандчилик йўналишида ҳам ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
Тошкент халқаро туризм ярмаркаси 2 декабргача давом этади.