Honda Хитойда ишлаб чиқарилган 200 мингта автомобилини ортга қайтаради
Компания машиналарда тормоз тизимида юзага келган носозликлар сабабли уларни заводга қайтаришга қарор қилди
Япониянинг Honda Motor Co автомобиль ишлаб чиқарувчиси тормоз тизимидаги муаммолар туфайли Хитойда ишлаб чиқарилган 200 мингдан ортиқ автомобилни чақириб олади.
Хусусан, Honda Хитойнинг Dongfeng Motor Group Co билан қўшма корхонасида 2018 йил октабрь ойидан 2020 йил сентябрига қадар ишлаб чиқарилган 106 мингга яқин гибрид автомобиллар чақириб олинади.
Бундан ташқари, Honda қўшма корхонаси томонидан Guangzhou Automobile Group Co билан ишлаб чиқарилган 95 мингта автомобиль қайтариб олинмоқда. Япония компаниясининг икки хитойлик ҳамкори чақириб олинган автомобиллардаги нуқсонли бутловчи қисмларни алмаштиради.
Март ойида якунланган сўнгги молиявий йилда Хитойда Honda қўшма корхоналари 1,62 миллион автомобиль ишлаб чиқарди, бу ўтган йилга нисбатан 14 фоизга кам.
Автозаводнинг акциялари пайшанба кунги савдоларда 0,2 фоизга арзонлашди. Жорий йил бошидан буён уларнинг қиймати 6 фоизга камайди.