Ўзбекистонда 2022 йили камбағаллар сони қисқаргани маълум қилинди
Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида 2022 йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани, бунда ҳоким ёрдамчилари 1 млн нафар аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашгани, даромадли иш билан банд қилгани муҳим омил бўлгани қайд этилди
Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур йиғилишида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича 2023 йил учун режалар муҳокама қилинган.
Шунингдек, давлат раҳбари камбағалликни қисқартириш миллий сиёсат даражасига олиб чиқилганини таъкидлади.
Натижада 2022 йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани, бунда ҳоким ёрдамчилари 1 миллион нафар аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашгани, даромадли иш билан банд қилгани муҳим омил бўлгани қайд этилди.
Шу даврда 200 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди, 10 мингта корхона фаолияти кенгайтирилди, 11 мингта корхона қуввати тикланди.
«Бу ишларни 2023 йилда давом эттириш, бандликни таъминлаш бўйича барча тармоқ ва ҳудуд раҳбарларига аниқ топшириқлар берилган. 2023 йилда 5 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш, шу жумладан, 2 миллионта доимий иш ўринини яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди», дейилади хабарда.