Шавкат Мирзиёв инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги бўйича йиғилиш ўтказди
уҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар ахборот берди
Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда янги лойиҳаларни ўз вақтида бажариш ва аввал ишга тушганларини тўлиқ қувватга чиқариш чора-тадбирлари муҳокама қилинган. Охирги йилларда фойдаланишга топширилган 442 та лойиҳа паст қувватда ишлаётгани қайд этилган. Жойида ўрганилганда, уларнинг 238 тасида хомашё ва бозор топиш, 115 тасида кредит, 35 тасида инфратузилма билан боғлиқ муаммолар борлиги аниқланган.
Вилоят ҳокимларига ушбу корхоналар муаммоларини ҳал этиш юзасидан кўрсатмалар берилган. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига йил якунига қадар 139 та йирик ва 3 мингта ҳудудий лойиҳаларни ишга тушириш вазифаси қўйилган.
Йиғилишда давлат раҳбари ҳар бир сўм инвестиция иқтисодиётга натижа бўлиб қайтиши, халқимиз манфаатига хизмат қилиши кераклигини таъкидлаган. Шу боис лойиҳалар бўйича кредитларнинг мақсадли ишлатилиши ва келгусида натижа бериши қатъий назоратга олинган.
Шунингдек, йиғилишда жорий йилда импорт қилинган 270 дан ортиқ ускуна ҳали ўрнатилмагани кўрсатиб ўтилган. Бунга сабаб бўлаётган жараёнларни соддалаштириб, ускуналарни тезроқ фойдаланишга киритиш зарурлиги таъкидланган.
Шавкат Мирзиёев Президент сайлови олдидан халқ билан учрашувларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича янги тизим жорий этилишини айтган эди. Бунинг учун ҳар бир ҳудудда «туман лойиҳа гуруҳлари» ва холдинг компаниялари ташкил этилиши режалаштирилган.
Ушбу янги тузилмалар тадбиркорларнинг бизнес ҳамкорига айланади. Улар тадбиркорларнинг ёнида туриб, ғоядан бошлаб, инвесторларни жалб қилиш ва лойиҳаларни тўлиқ қувватда ишлашигача ҳар куни ёрдам беришга масъул бўлади. Йиғилишда ушбу янги тизимни тез ва самарали ташкил этишга доир вазифалар белгиланган.
Шунингдек, Президент хорижий инвестиция ва экспорт ҳажмини оширишда Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги элчилари фаолияти муҳимлигини таъкидлаган. Ҳудуд ва тармоқ раҳбарларига истиқболли лойиҳалар топиб, элчилар билан биргаликда уларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилган.