Россиянинг станоксозлик заводи Ўзбекистон саноат бозорига кирмоқчи
Россия ҳукумати маҳаллий станоксозларнинг Ўзбекистон бозорига кириш истагини қўллаб-қувватламоқда.
Россиянинг Краснодар шаҳрида жойлашган Жанубий оғир станоксозлик заводи (ЮЗТС) Ўзбекистон саноат бозорига кириб келмоқчи. Бу ҳақда «Эксперт Юг» хабар берди.
Қайд этилишича, ЮЗТС заводи делегацияси Тошкентда бўлиб ўтган станоксозлик соҳасида Россиянинг экспорт қилувчи компаниялари бизнес миссиясида иштирок этган.
Россия экспорт маркази (РЭЦ) томонидан РФ Саноат ва савдо вазирлиги кўмагида ташкил этилган тадбирлар икки давлатнинг тегишли вазирликлари ва станок маҳсулотларини экспорт қилувчи 14 та Россия компаниялари шунингдек, Ўзбекистоннинг саноат корхоналари ва машинасозлик холдинглари иштирокида ўтказилган.
Ишбилармонлик дастури Россияда ишлаб чиқарилган станокларни Марказий Осиё мамлакатига экспорт қилиш билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олган.
Тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш майдонларида бўлиб ўтган кўплаб ишбилармонлик учрашувлари ва музокаралар чоғида россиялик дастгоҳчиларга Ўзбекистоннинг давлат харидларида қандай шароитларда қатнашишлари ва хусусий корхоналар билан ўзаро муносабатлар ҳақида маълумот берилган.
ЮЗТС ижрочи директори Дмитрий Дмитренконинг айтишича, ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати ўз саноатини ривожлантиришга жиддий сармоя киритмоқда.
«Ишлаб чиқариш кўлами ҳайратланарли», — дейди у.
Хабарга кўра, бутун заводлар том маънода нолдан қурилмоқда ва уларга энг сўнгги ускуналар ўрнатилган. Ўзбекистон 2035 йилга бориб дунёнинг иқтисодий ривожланган 50 та давлати қаторига кириш ниятида.
Дмитрий Дмитренконинг фикрича, потенциал ҳамкорлар учун зарур бўлган маҳсулотлар ЮЗТС томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан қисман мос келади. Ҳозир корхона ўзбекистонлик ҳамкасбларининг эҳтиёжларини ўрганиб, улар учун тижорат таклифини ишлаб чиқмоқда.
ЮЗТС ижрочи директорининг таъкидлашича, Россия Федерацияси раҳбарияти маҳаллий станоксозларнинг Ўзбекистон бозорига кириш истагини ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.
Шундай қилиб, РЭЦ режаларида Марказий Осиё давлати корхоналари россиялик ҳамкорлардан маҳсулот сотиб олган тақдирда уларга имтиёзли кредитлар бериш назарда тутилган.
«Ўзбекистон бозори жуда истиқболли ва биз бунинг учун курашишимиз керак», — дейди Дмитренко.
Маълумот учун, РЭЦ АЖ Россия Федерациясининг норесурс экспортини қўллаб-қувватловчи давлат муассасасидир. У Россия экспортёрларини молиявий ва номолиявий қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни тақдим этади.
5 йил аввал Седин заводи негизида ташкил этилган «ЮЗТС» МЧЖ бугунги кунда унинг савдо белгисининг муаллифлик ҳуқуқи эгаси ҳисобланади. Айни пайтда заводда мижозлар буюртмасига кўра 20 дан ортиқ оғир дастгоҳлар ва ишлов бериш пунктлари ишлаб чиқарилмоқда. Завод маҳсулотлари саноатнинг кўплаб тармоқларида, жумладан, энергетика, атомсозлик, самолётсозлик, металлургия каби соҳаларда қўлланилади.