«Халқни талашга интилиш». Жамоатчилик айрим банкоматларда комиссия тўлови тажриба учун оширилганига қандай қарамоқда?
Тажриба тариқасида айрим банкоматларда 1 млн сўмгача бўлган маблағни нақдлаштиришда 1 фоиз, ундан ортиқ суммага оширилган комиссия қўлланмоқда. Telegram ва Twittter’да вазиятга турлича ракурсда муносабатлар билдирилди.
Ўзбекистондаги айрим банкоматларда тажриба тариқасида 1 миллион сўмгача бўлган маблағни нақдлаштиришда 1 фоиз, ундан ортиқ суммага оширилган комиссия қўлланилмоқда. Жамоатчилик фаоллари, блогерлар ва асосан, Telegram ҳамда Twitter фойдаланувчилари ҳолат бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Telegram
Telegram’даги davletovuz канали муаллифининг ёзишича, «бу очиқдан-очиқ халқни талашга интилиш, нотўғри амалиётни яна нотўғри амалиёт билан ҳаспўшлашга уринишдан бошқа нарса эмас».
«Гўёки Ўзбекистон банклари бозор муносабатларига ўтган-у, ҳозир маъмурий чекловлардан қийналиб қолишяпти. Муаммони бошқа муаммо билан, халққа оғирроқ қилиш билан ечим изламанг.
Кимга имкон берилса, биринчи бўлиб халққа ўлпон солишни ўйлайди. Икки рақамли инфляция, яна ўз пулингни тўя қилишлари талончиликдир», — деб ёзади у.
Telegram’даги bakiroo канали муаллифи, иқтисодчи-блогер Отабек Бакировнинг ёзишича, у ҳам банклардан бирининг тажриба тариқасида банкоматлар орқали йирик миқдорда нақд ечиш учун 1,5 фоиздан 3 фоизгача комиссия ўрнатганининг гувоҳи бўлган. Бир миллионгача нақд ечиш учун комиссия аввалгидек ўзгаришсиз қолган – 1 фоиз.
«Одатда ‘барыгалар’ (тижорий мақсадларда нақд пулдан фойдаланувчилар) катта миқдордаги нақдликни ечиб кетади, пенсионер/ бюджетникларга нақд пул қолмайди. Яъни нақд пулга нисбатан истеъмол хариди учун талабгорларнинг талаби қондирилмай қолади», — деб ёзади у.
Бакировнинг фикрича, банкоматлардан чиқимларнинг таркибини кўриб, таҳлил қилаётган банклар бунга ўзлари ишонч ҳосил қилиши мумкин. Банкоматга жойлаштирилган ҳажми бўйича 75-90 фоиз нақдликнинг ечилиши сони бўйича 15-20 фоиз транзакция ҳиссасига тўғри келади (ҳудудлар ва локацияга қараб).
«Табиийки, бозор ва бизнес қоидаларига кўра, талаб ва таклифни мувозаналаш учун катта миқдорда нақдлик ечиш учун юқорироқ комиссиялар ўрнатилиши истеъмолчилар учун ҳам, банклар учун манфаатли қадам бўлади.
Жараённинг бундай йўлга қўйилиши нақд пулнинг транзакцион таннархи/харажатлари ва нақдликка талаб анча баланд бўлган узоқ ва чекка туманларда айниқса муҳим», — дея хулоса қилган иқтисодчи.
Отабек Бакировнинг қўшимча қилишича, «хозир ўша балки биттагина банкоматда тажриба ўтказган банкни топиб жазолашади».
«Ахир ҳар қандай ўзгача ҳаракат — бу деярли жиноят, ҳамма қатор сафда туриш керак ёки сафда юриш керак. Бозор бу фақат китобларда, бизнинг йўлимиз бошқа.
Шу воқелик юз берган ҳудудда учта банкомат турибди. Иккитасида, комиссияси текис 1 фоиз бўлганида пул йўқ (эрталаб тўлдирилган, бир неча дақиқада ечиб тугатишган шекилли). Учинчисида — мана шу тажриба банкоматида эса пул бор, одамлар олаяпти, ҳеч ким норози бўлгани йўқ. Сал нарироқда, бир неча юз метрда пайнетчи 5 фоиздан пул ечяпти», — деб ёзди блогер.
Блогер Нурбек Алимовнинг фикрича, «бу сабаб қолиб, оқибат билан курашиш дейилади».
Балки, банкоматлар кўпайтирилар, нақд пул етишмовчилигининг олдини олармиз? Йўқ, халқнинг устига ‘груз’ қўямиз», — деб ёзди у.
Тадбиркор Фируз Аллаевнинг ёзишича, «ҳозир банкка босим қилиб ҳаммасини орқага қайтаришар, лекин бу билан нақд пул муаммоси ечилиб қолмайди».
«Муаммони ечиш учун қуйидаги саволларни бериш керак: нима учун нақд пулга нисбатан талаб ошиб кетди, агар талаб ошмаган бўлса, нима учун банкларда нақд пул етишмаяпти?
Мана шу икки савол атрофида чуқур ва холис изланиш ва муаммонинг илдизини ёки илдизларини топиш керак. Бошқачасига косметик ремонт билан муаммони вақтинчалик яширишга эришамиз, холос», — деб ёзади у.
Блокланган Twitter’даги фикрлар
Ўзбекистонда блокланган микроблоглар тармоғи фойдаланувчиларидан бири ушбу ҳолатни ёқлаган.
Шунингдек, яна бир тармоқ фойдаланувчиси банкоматлардаги ушбу экспериментни ёқлаб чиққан.
Худди шу фойдаланувчи бироз вақт ўтиб, «катта фоиз ечим эмас экани» ҳақида ёзди.
Davletovuz эса референдум муносабати билан пластик карталардан пул нақдлаштирилганда комиссия тўлови бекор қилинишини таклиф этган.
Отабек Бакировнинг Davletovuz’га жавобан ёзишича, комиссия тўлови бекор қилинса, «пайнетчи ва обналчилар қўй сўйишни бошлаб юборади».
Кузатувларга кўра, Facebook ижтимоий тармоғида бу масала бўйича ҳозирча фикрлар билдирилмади.
Марказий банк ва тегишли ташкилотлар эксперимент бўйича изоҳ берганича йўқ.