Хитойнинг Бэйдайхэ шаҳрига Tesla электромобиллари кириши тақиқланади
Хитой ҳукумати камералар билан жиҳозланган транспорт воситалари нозик маълумотларни тўплаши мумкин деб ҳисоблайди.
Хитойнинг Бэйдайхэ шаҳрига 1 июлдан Tesla электромобилларининг кириши тақиқланади. Бу ҳақда Reuters агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбасига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, тақиқ икки ой давомида амал қилади.
Нашрнинг фикрича, Бэйдайхэ шаҳрида Коммунистик партия раҳбариятининг яширин йиғилиши бўлиб ўтади. У ҳар йили мажлис саналари расман эълон қилинмасдан ўтказилади.
Худди шундай қарор июнь ойи бошида Хитой жануби-ғарбидаги Ченгду шаҳрида ҳам қабул қилинган эди. Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари Хитой раиси Си Цзиньпиннинг шаҳарга ташрифи чоғида Америка электромобилларининг ҳаракатланишини тақиқлади.
Tesla электромобилларига 2021 йил март ойида ҳарбий мажмуалар яқинида тўхташ тақиқланган эди.
Хитой ҳукумати камералар билан жиҳозланган транспорт воситалари нозик маълумотларни тўплаши мумкин деб ҳисоблайди.
Аввалроқ Хитойда Tesla компаниясининг минглаб ишчилари ташландиқ заводлар ва эски ҳарбий лагерда изоляция қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.