«IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишни бепул қилгач, жавобгарлик белгиласа бўлади» — Кушербаев
Расул Кушербаевга кўра, одамларнинг IMEI-кодни клонлаштириш билан шуғулланишига ҳаводан ‘соққа’ қилишга ўтиб олган код учун тўловни йўлга қўйганларнинг ўзлари айбдор

Ўзбекистонда IMEI кодларини клонлаш билан боғлиқ ҳолатни бартараф этиш мақсадида жавобгарлик жорий қилинаётгани ҳақида хабар берилганди. Собиқ депутат, табиат ресурслари вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ушбу ҳолатга муносабат билдирди.
Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, код учун тўловдан қочиш мақсадида IMEI коди клонлаштирилмоқда.
«Халқни эзиб, ҳаводан ‘соққа’ қилинаётганига жавоб тариқасида одамлар ҳам пул тўлашдан шундай йўл билан қочиши табиий ҳол. Сиз шоҳида бўлсангиз, халқ баргида. Яъни, одамларнинг бундай ишлар билан шуғулланишга ҳаводан ‘соққа’ қилишга ўтиб олган IMEI-код учун тўловни йўлга қўйганларнинг ўзлари айбдор», — деб ёзади Кушербаев.
Унинг қайд этишича, кодларни клонлаштириш телефон ўғирлаш учун қилинмоқда, дейилган сабаб эса бўрттиришдан бўлак нарсамас.
«Майли IMEI кодини ноқонуний ўзгартирганлик учун жавобгарлик белгилансин. Бироқ бундан олдин IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишни бепул қилиб қўйиш керак. Шунда ҳам адолатли, ҳам телефонни ўғирлаш мақсадида ўзгартирган бўлса, мантиқли жазо бўлади. Унгача бундай жавобгарлик ташаббуси ортида фақат ва фақат халқ устидан пул қилиш мақсади тушунилади», — дея фикрини якунлайди у.






