Ўзбекистон истеъмол бозорида товар ва хизматлар сентябрь ойида қимматлашди
Сентябрь ойида нархлар ва тарифлар ошиши бўйича етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлди. Oзиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ўтган йилнинг охирига нисбатан 10 фоизга юқорилаган
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда сентябрь ойида истеъмол бозоридаги товар ва хизматларнинг нархи ўртача 1 фоизга ошди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг бошидан истеъмол секторида нархларнинг ўсиш сурати 8,1 фоизга этди, ўртача ойлик ўсиш даражаси эса 0,9 фоизни ташкил этган. Йиллик нисбатда (2021 йилнинг сентябрь ойига нисбатан) истеъмол секторида нархлари индекси (ИНИ) ўсиш тезлиги 12,2 фоизни ташкил қилди.
Таққослаш учун, 2020 йилнинг январь-сентябрида умумий ИНИ ўсиш даражаси 0,7 фоизни ташкил этган бўлса, ушбу рақамлар 2021 йилнинг мос даврига келиб 0,6 фоизга тушган.
Шунингдек, 2022 йилнинг сентябрь ойида нархлар ва тарифлар ошиши бўйича етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлиб, ой давомида уларнинг нархи ўртача 1,4 фоизга ошди. Ноозиқ-овқат маҳсулотлар ушбу даврда 0,7 фоизга, хизматлар нархлари эса ой давомида 0,4 фоизга ошди.
2022 йилнинг сентябрида озиқ-овқат маҳсулотлари ўтган йилнинг охирига нисбатан 10 фоизга юқорилаб, нархлар ошиши бўйича етакчиликни сақлаб қолди. Натижада улар нархларининг 2022 йил январь-сентябрдаги ўртача ойлик ўсиш суръати 1,1 фоизни ташкил этди.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари эса ушбу даврда 7,9 фоизга ошди, ўртача ойлик ўсиш суръати 0,9 фоизни ташкил этди. Хизматлар нархларининг ўсиш суръати 2022 йилнинг январь-сентябрида 4,8 фоизга етди ва ўртача ойлик ўсиш суръати 0,5 фоизни ташкил этди. Йилик нисбатдаги озиқ-овқат нархларининг ўсиш суръати 2022 йилнинг сентябр ойида 16,6 фоизга етди. Ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва пуллик хизматлар ушбу даврда мос равишда 10,9 фоиз ҳамда 6,4 фоизга қимматлашган.