Ўзбекистонда янги электрон пуллар тизими фаолиятига рухсат берилди
1HLSW Марказий банкнинг электрон пуллар тизими реестрига киритилди

Ўзбекистонда 1HLSW электрон пуллар тизими фаолиятига рухсат берилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тўлов ташкилоти лицензиясига эга бўлган «Genesis Innovation» томонидан 1HLSW электрон пуллар тизими фаолиятини ташкил этиш ва «Алоқабанк» томонидан мазкур электрон пуллар тизимининг эмитенти сифатида электрон пулларни чиқариш фаолияти бўйича тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилган.
Ўрганиш натижасида «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари»га кўра, 1HLSW электрон пуллар тизими Марказий банкнинг электрон пуллар тизими реестрига киритилиб, электрон пулларнинг чиқарилиши фаолиятига рухсат берилган.
Аввалроқ Марказий банк QIWI Uzbekistan электрон пуллар тизими фаолиятига рухсат бергани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда янги банк фаолиятига рухсат берилгани ҳақида хабар берилди.






