Ўзбекистоннинг олис ва чекка ҳудудларида ишловчи шифокорларга ойлик устама берилади
Шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилади.
«Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг олис ва чекка ҳудудларида ишловчи шифокорларга ойлик устама ва ипотека бўйича кўмак берилади.
Қайд этилишича, 2022 йил 1 июлдан:
- олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади ҳамда уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ БҲМнинг 500 баробаридан (135 миллион сўмдан) ошмаган миқдорда қоплаб берилади;
- олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз 3 йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади.
- Таъкидланишича, 2022 йил 1 сентябрдан шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилади.
Бунинг учун алоҳида тиббиёт муассасаси очиш талаб этилмайди ва ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатиши мумкин.
Мазкур тажриба дастлаб 2022 йил якунигача Сирдарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда жорий этилади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари Қорақалпоғистонга келиб ишласа, ойлик маошига 100 фоиз устама ҳақ тўланишини айтганди.