«Қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз» — Президент
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, 2023 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилади. «Сизларни ишонтириб айтаман: биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз», — деди давлат раҳбари.
Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилди.
Президент 2021 йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида бизнес учун солиқ юкини тушириш сиёсатини давом эттириб, қўшилган қиймат солиғи ставкасини янада туширишга ваъда берган эди.
«Очиқ айтишим керак, ‘иқтисодиёт пандемия туфайли ҳали тўлиқ тикланмади, жаҳон иқтисодиётидаги вазият яхши эмас, шу сабабли буни кейинга қолдирайлик’, деб таклиф берганлар ҳам бўлди.
Лекин сизларни ишонтириб айтаман: биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз!» — деди Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев корхоналарни микро, кичик ва ўрта бизнес тоифаларига ажратиш ташаббусини билдирганди.
Микро бизнес эгалари ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод қилинади.
Шунингдек, давлат раҳбари айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган корхоналар фойда солиғини 2 баравар кам тўлашини маълум қилди.