2021 йилда глобал микрочип ва яримўтказгич савдоси рекорд даражага етди
Яримўтказгич саноати даромади бу йил 9 фоизга ошиши кутилмоқда.

Микрочип ишлаб чиқарувчилар глобал танқислик ва яримўтказгичларга талаб ортиб бораётган бир шароитда рекорд даражадаги йиллик сотувлар ҳақида хабар берди. Шу билан бирга саноат раҳбарлари бу кўрсаткич ўн йилдан камроқ вақт ичида икки баравар ошишини кутмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal ёзмоқда.
2021 йилда саноат миқёсида йиллик сотувлар биринчи марта 500 миллиард доллардан ошди. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич смартфон саноатидаги глобал савдо ҳажмидан бироз юқорироқ бўлиб чиққан.
Пандемия глобал рақамлаштириш жараёнини тезлаштирди: истеъмолчилар тобора кўпроқ онлайн кинотеатрлар ва видео ўйин хизматларидан фойдаланмоқда, корпорациялар эса ўз навбатида барча турдаги рақамли воситаларни жорий қилмоқда. Буларнинг барчаси микрочип талаб қилмоқда.
«Яримўтказгич саноати 50 йил ичида ярим триллион долларга етди, бироқ 1 триллион долларлик маррага эришиш учун бор-йўғи 8-10 йил керак бўлади», — дейди энг йирик микрочип ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири GlobalFoundries Inc бош директори Том Колфилд.
Gartner Inc. бозор таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, 2021 йилда глобал микрочип савдоси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 583,5 миллиард долларни ташкил этди. Кун бўйи ишлашга ўтган заводлар талабни қондира олмаяпти. Узоқ давом этган тақчиллик яримўтказгич саноати даромадини бу йил 9 фоизга ошириши кутилмоқда, бу ўртача ўсиш суръатидан юқоридир.
Аввалроқ Apple 2022 молиявий йилнинг биринчи чорагида рекорд даромад кўргани хабар қилинганди.


