Tesla носозликлар туфайли қарийб 500 мингта электромобилини «чақириб олади»
Дефектлардан бири орқа кўриш камераси билан боғлиқ.
Tesla компанияси иккита носозлик туфайли 475 мингдан ортиқ электромобилни чақириб олишга қарор қилди. Бу ҳақда Forbes ёзмоқда.
Қайд этилишича, Tesla қайтариб олишни режалаштираётган электромобилларнинг умумий сони компаниянинг 2020 йилда мижозларга етказиб берган машиналарининг умумий миқдори — 499 550 донадан бир оз камроқ.
Нашрга кўра, 356 309 та электромобилда қайд этилган муаммодан бири — орқа кўриш камерасидаги дефект. Ушбу муаммо 2017-2020 йилларда ишлаб чиқарилган Tesla Model 3’да аниқланган.
«Орқани кўриш камерасининг сими юкхонани очиш ва ёпишда шикастланган бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ишламайдиган камера ҳайдовчининг кўришини чеклайди, бу эса бахтсиз ҳодиса хавфини оширади. Tesla мижозларга хизмат кўрсатиш маркази дефект аниқланган электромобилларни бепул текширади ва керакли эҳтиёт қисмларини компания ҳисобидан ўрнатади.
Маълум қилинишича, Tesla электромобилларидаги иккинчи муаммо капотнинг ўз-ўзидан очилиши эҳтимоли билан боғлиқ. Муаммонинг тавсифида айтилишича, баъзи автоуловларда олдинги капот қопқоғи нотекис ўрнатилган бўлиши мумкин, шунинг учун иккинчи мандал уни тузатмайди.
«Агар капот тўғри ёпилмаса ва у ҳаракат вақтида бирдан очилса, ҳайдовчининг кўришига тўсқинлик қилиши ва шу тариқа авария эҳтимолини ошириши мумкин», дейилади хабарда.
Ушбу дефект 2014—2021 йилларда ишлаб чиқарилган 119 009 дона Tesla Model S’да аниқланган. Электромобиллар чақириб олингач, Tesla мутахассислари текширув ўтказади ва капот қопқоғи жойлашувини бепул ўзгартиради.
Аввалроқ Tesla’нинг рақобатчиси биринчи литий-ион аккумуляторини ишга туширгани хабар қилинганди.