Мўмай маошдан текин тушликкача: иш танлашда ўзбекистонликларни энг кўп нима қизиқтиради?
«HeadHunter Ўзбекистон» Kommers.uz’га ўзбекистонликларни энг кўп қизиқтираётган таклифлар ҳақида маълумот берди.
«HeadHunter Ўзбекистон» Kommers.uz’га ўзбекистонликлар иш танловида энг кўп эътибор қаратадиган жиҳатлар ҳақида маълумот тақдим этди.
Яқиндагина кириб келган 2022 йилнинг воқелиги шуни кўрсатадики, ишга жойлашиш нафақат иш изловчилар, балки иш берувчилар учун ҳам осон вазифа эмас. Инсон капитали учун рақобат деярли икки бараварга ошган ва ўсишда давом этмоқда. Бугунги кунда иш берувчилар иш изловчиларга бозордаги энг яхши шароитларни яратиш учун ҳар доимгидан кўпроқ ҳаракат қилишлари керак.
Хўш, ўзбекистонликлар аслида нима хоҳлайди? 2022 йил 30 январдан 7 февралгача ўтказилган сўровга кўра, иш изловчилар иш таклифини кўрганида биринчи навбатда эътибор берадиган нарса — «ёғли» маошдир. Бу билан фуқароларнинг 49 фоизини қизиқтириш ва жалб қилиш мумкин.
Яна 30 фоиз респондентлар мотивация манбаи сифатида қизиқарли вазифаларни танлаган. Асосан 18–29 ёш орасидаги ахборот технологиялари соҳаси вакиллари ва офис ходимлари шундай жавоб берган. Бундан ташқари, корпоратив маданият, қўшимча имтиёзлар, иш берувчининг жойлашуви, карьеравий ўсиш ва масофадан туриб ишлаш имконияти каби жавоблар ҳам бор.
Таъкидланишича, энг талабгир таклиф — иш берувчи ҳисобидан ташкиллаштирилган тушлик бўлган. Респондентларнинг 39 фоизи буни ҳамма нарсадан афзал кўради.
Шунингдек, тиббий суғурта (17 фоиз) ва спорт зали учун тўлов (17 фоиз) иккинчи ўринни эгаллаган. Корпоратив транспорт (16 фоиз) ва дўконларга чегирма купонлари (3 фоиз) кейинги ўринлардан жой олган.
Бундан ташқари, сўровда қатнашганлар ўз вариантлари сифатида турар жой/интернет/ўқитиш тўлови, пулли рағбатлантириш, мослашувчан иш вақти ва меҳнат давомидаги кўнгилочар машғулотларни таклиф этган.
HeadHunter (hh.uz) Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларидаги етакчи онлайн иш қидириш ва ходимларни ишга ёллаш платформаси ҳисобланади.
Аввалроқ Ўзбекистонда энг кўп маош таклиф қилинаётган бўш иш ўринлари ҳақида хабар берилганди.