Саудия фонди Aramco’нинг 80 млрд долларлик улушини қўлга киритди
Ҳозирда суверен жамғарма 480 миллиард долларга яқин активларни назорат қилади.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, бош вазир ўринбосари ва Иқтисодий ривожланиш кенгаши раҳбари Муҳаммад бин Салмон 13 февраль куни Saudi Aramco давлат нефть компаниясининг 4 фоиз акциялари мамлакат суверен инвестиция жамғармаси (Public Investment Fund) бошқаруви остига ўтказилишини эълон қилди.
Айни пайтда бу улуш деярли 80 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.
Саудия Арабистони 2030 йилгача иқтисодиётни диверсификация қилиш — Saudi Vision 2030 лойиҳаси доирасида ўзининг улкан нефть активларини монетизация қилишни мақсад қилган ва тушумларни бошқа тармоқларга йўналтиради.
Углеводородлар экспорти билан боғлиқ бўлмаган компаниялар ва тармоқларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон бошчилигидаги Public Investment Fund ташкил этилган.
Ҳозирда суверен жамғарма 480 миллиард долларга яқин активларни назорат қилади. 2025 йилга бориб бу миқдорни 1 триллион доллардан ортиқроққа ошириш режалаштирилган.
Аввалроқ Saudi Aramco Осиё ва АҚШ учун нефть нархини ошириши хабар қилинганди.