Марказий банк инфляция даражаси ва ЯИМнинг реал ўсиши бўйича прогнозларни ўзгартирди
Инфляция даражаси 2022 йил якунлари бўйича 12–14 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда инфляция даражаси йил якунлари бўйича 12–14 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Ташқи иқтисодий вазиятларда содир бўлаётган ҳолатларни инобатга олиб Марказий банкнинг асосий ва хатарли сценарийлар доирасидаги макроиқтисодий прогнозлари шартли равишда янгиланди.
Марказий банкнинг маълум қилишича, асосий сценарий бўйича импорт инфляцияси, ишлаб чиқариш, логистика ва етказиб бериш билан боғлиқ таклиф омиллари таъсирида инфляция даражаси 2022 йил якунлари бўйича 12–14 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда (дастлабки прогноз 8-9 фоиз).
«Асосий савдо ҳамкорлардаги иқтисодий фаолликнинг пасайиши, миллий валюта курсининг ўзгариши ва миграцион оқимлар жорий йилда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ўтган йилга нисбатан 18–25 фоизга камайиши эҳтимолини юзага келтирмоқда», дейилади регулятор хабарида.
Таъкидланишича, ялпи ташқи ва ички талаб динамикасидаги ўзгаришлар, дефляторнинг нисбатан юқори бўлиши ва фискаль шароитлар таъсирида 2022 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 3,5–4,5 фоиз доирасида кутилмоқда (йил бошидаги прогноз 5,5–6,5 фоиз).
Марказий банк ушбу прогнозлар кўплаб шартларга асосланганлигини маълум қилди. Регуляторга кўра, ташқи иқтисодий вазиятнинг ўзгариб бориши, амалга оширилаётган макроиқтисодий ва таркибий ўзгаришлар натижадорлигини инобатга олиб келгуси йиғилишларда макроиқтисодий прогнозлар қайта кўриб чиқилади.
Аввалроқ Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини чоп этганди. Унда жаҳонда юзага келган вазият Ўзбекистонда инфляция даражасининг ортишига олиб келиши маълум қилинган.