Янги камера ва эски дизайн: iPhone 14 ҳақида маълумотлар пайдо бўлди
Apple iPhone 14’ни олти ойдан камроқ вақт ичида тақдим этади.
Ҳафталик Power On ахборот бюллетени муаллифи, Bloomberg журналисти Марк Гурман Apple смартфонларининг янги авлодида пайдо бўладиган янгиликлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, компания iPhone 14’ни олти ойдан камроқ вақт ичида тақдим этади.
Янги iPhone’ларнинг дизайни, Гурманнинг фикрича, аввалги моделдан унчалик фарқ қилмайди. Асосий фарқ экрандаги янги кесма бўлади: одатий «қош» ўрнини Face ID сенсори учун овал кесим ва олд камера учун юмалоқ кесим эгаллайди. Журналистнинг фикрича, сенсор ва камерани Apple экрани остига камида уч-тўрт йилдан кейин яшириш мумкин бўлади.
Ўзгаришлар
Бундан ташқари, Apple янги авлод смартфонларига ўзгартиришлар киритади: компания харидорлар орасида машҳур бўлмаган мини-моделдан халос бўлиб, уни олти дюймли экранли тўлақонли iPhone 14’га алмаштиради.
Шунингдек, смартфонлар қаторида 6,7 дюймли дисплейга эга iPhone 14 Мах ҳам бўлади. Фойдаланувчилар 2021 йилги iPhone 13 Pro Max’дан камида 200 долларга арзонроқ бўлган энг катта iPhone’ни харид қилиши мумкин бўлади.
Гурманнинг сўзларига кўра, iPhone 14 Pro ва iPhone 14 Pro Max премиум моделлари биринчи марта 48 мегапикселли кенг бурчакли камерага эга бўлади. iPhone 14 ва iPhone 14 Max 12 мегапикселли сенсорларни сақлаб қолади. Энг қиммат моделлар ҳам сўнгги А16 процессорини олиши мумкин.
Apple смартфонлари, шунингдек, агар фойдаланувчи уяли алоқа қамровидан ташқарида бўлса, фавқулодда вазиятларда фойдаланиш мумкин бўлган сунъий йўлдош алоқасига эга бўлиши мумкин. Гурманнинг сўзларига кўра, бу янгилик шу йил ёки 2023 йилда тақдим этиладиган Apple Watch «ақлли» соатларида ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Аввалроқ Apple 14-авлод iPhone камерасига автофокусни қўшиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Жорий фокусдан фарқли ўлароқ, автофокус олд камерага, агар фойдаланувчи ундан яқинроқ ёки узоқроқ бўлса, аниқроқ суратга олишга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, Apple компанияси 8 март куни янги бюджет смартфон — iPhone SE’нинг учинчи авлодини тақдим этганди.